Дубайни сув босди: қатор авиарейслар бекор қилинди (фото, видео)
Олам
−
16 Апрель
16106Бирлашган Араб Амирликларида кучли шамол, момақалдироқ ва жала қуяётгани туфайли Дубай халқаро аэропортида бир нечта рейслар кечиктирилди ва бекор қилинди. Фавқулодда хизматлар Абу-Даби, Дубай, Шаржа ва Рас ал-Ҳайма шаҳарларида сув босган бир қанча йўллар ёпилганини маълум қилди.
Қурғоқчил минтақа учун камдан-кам кузатиладиган кучли ёмғир сешанбага ўтар кечаси бошланган ва Миллий метеорология маркази маълумотларига кўра, чоршанбагача давом этиши кутилмоқда.
Жумладан, Дубайда бир кечада 30 мм дан ортиқ ёмғир ёғган. Бу қиймат кун охиригача 150 мм дан ошиши кутилмоқда. Шаҳарда тўқ сариқ рангли фавқулодда ҳолат даражаси эълон қилинган. Ҳукумат аҳолини зарурат бўлмаса, уйларини тарк этмасликка чақирган. Давлат муассасалари, шунингдек, кўплаб хусусий сектор корхоналари масофавий ишлашга ўтган. Ноқулай об-ҳаво давом этар экан, мактаб ва университетларда ҳам дарслар онлайн шаклда бўлиши кўзда тутилган.
Ёмғир туфайли автомобиль йўллари ва пасттекисликдаги кўчалар ҳам сув остида қолган.
"Маҳаллий ҳокимият жамоат транспорти ҳаракатини чеклашга мажбур бўлди, метро узилишлар билан ишлайди. Дубай полицияси ҳайдовчиларни ёмон об-ҳаво шароитида машинада саёҳат қилмасликка чақирмоқда", дейилади хабарда.
Кўпгина шаҳар кўчаларида тўпланган сувни ҳайдаб чиқарадиган махсус машиналар ишламоқда. Ушбу ҳолат мамлакат учун ноодатий бўлгани сабабли, йўл инфратузилмаси кучли ёғингарчилик учун мос эмаслиги сезилмоқда. Дренаж тизимининг йўқлиги оқибатида кучли ёмғир пайтида биноларни сув босган.