Глюксманн Франциянинг янги Президенти бўлиши мумкин

Олам

image

Франциялик марказ-сўл сиёсатчи Рафаэль Глюксманн 2027 йилги президентлик сайловида иштирок этишини расман эълон қилди. Бу ҳақда у кеча, 24 август куни TF1 телеканалига берган интервьюсида маълум қилди.

Глюксманн ўз номзодини Франциядаги бўлинган сўл кучлар ўртасида сиёсий таъсир учун кураш кучайган бир пайтда илгари сурмоқда. Унинг асосий мақсадларидан бири қаттиқ сўллар етакчиси Жан-Люк Меланшонга рақобат қилиш ва мўътадил сўл сайловчиларни бирлаштиришдан иборат.

“Ҳа, мен президентлик сайловига номзодман. Мамлакатимизни ўта ўнгларга топшириб қўямизми? Бундай танлов олдида мен четда тура олмайман”, деган Глюксманн. 

Унинг таъкидлашича, сўл кучлар ўз тамойилларида қатъий турса, президентлик сайловида ғалаба қозониши мумкин. 

Европапараст сиёсатчи 2024 йилдаги Европа парламенти сайловида асосий сўл кучлар иттифоқига раҳбарлик қилиб, 14 фоиз овоз олган. Бироқ ҳозирги сўровларда у Меланшондан ортда қолмоқда. Шу билан бирга, ўта ўнглар етакчиси Марин Ле Пен биринчи турдаги овоз бериш нияти бўйича доимий равишда юқори кўрсаткич қайд этмоқда ва марказ ҳамда сўл номзодлар уни иккинчи турда енгишда қийналиши кутилмоқда. 

Глюксманн Франция Президенти Эммануэль Макроннинг айрим бизнесга йўналтирилган сиёсатларини танқид қилса-да, Европа Иттифоқини қўллаб-қувватлаш ва Украинани ҳимоя қилиш масалаларида унга яқин позицияни эгаллайди. У ўзини либерал демократиянинг қатъий тарафдори сифатида кўрсатмоқда.

Маълумот учун, Францияда президентлик сайлови 2027 йил апрель ва май ойларида ўтказилиши кутилмоқда. Айни пайтда мамлакатдаги сўл кучлар ягона номзод атрофида бирлаша олмаётгани сайлов кампаниясининг асосий муаммоларидан бири бўлиб турибди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Франциянинг собиқ бош вазири Габриэль Атталь 2027 йилги президентлик сайловларида иштирок этишини расман эълон қилганди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг