Гиёҳвандларни даволаш давлатга қимматга тушади — Зарифжон Ашуров
Жамият
−
30 Январь 2982 2 дақиқа
Беморларни наркологик даволаш икки хил — ихтиёрий ва мажбурий усулда амалга оширилади. Мажбурий гиёҳвандликка қарши даволаниш айрим ҳолларда қарийб 18 ойгача давом этади ва ушбу жараён давлат учун катта молиявий харажатларни келтириб чиқаради. Бу ҳақда бугун, 30 январь куни “Ёшлар орасида гиёҳвандлик ва психотроп моддаларнинг тарқалишига қарши курашиш бўйича кенг қамровли тезкор-профилактика ойлиги”га бағишланган матбуот анжуманида қатнашган QALAMPIR.UZ мухбири хабар берди.
Анжуманда, Республика ихтисослаштирилган руҳий саломатлик илмий-амалий тиббиёт маркази директори Зарифжон Ашуров республика миқёсида наркологик беморларни стационар даволаш учун 2400 та ўрин мавжудлигини, бир йил давомида марказларда қарийб 36 минг нафар бемор даволаниб чиқишини маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, наркологик даволаниш ихтиёрий ва мажбурий тартибда амалга оширилади. Ихтиёрий даволаниш беморнинг ўз хоҳиши билан одатда 20 кун ёки бир ой давом этади. Аммо мажбурий даволанишда, агар шахс ўзига ёки атрофдагиларга хавф туғдирса ёки касаллигини тан олмаса, суд қарори билан даволанишга юборилади.
“Қонунга кўра, мажбурий даволаниш муддати 18 ойгача давом этиши мумкин. Агар бу иллатнинг олдини олмасак, давлат учун қанчалик қимматга тушишини тушунишимиз керак. Чунки бу касалликни организмдан тозалаш жуда мушкул”, дейди Ашуров.
Зарифжон Ашуровнинг қўшимча қилишича, табиий дофамин инсонда хотиржамлик ва руҳий барқарорликни таъминлайди. Синтетик моддалар қисқа муддатли енгилликдан сўнг тушкунлик, асабийлик ва ўз жонига қасд қилиш фикрларининг кучайишига сабаб бўлиши мумкин. Оқибатда, шахс ўз хатти-ҳаракатларини назорат қила олмай қолади ва муаммо янада чуқурлашади.
Шу боис, анжуманда гиёҳвандликка қарши курашишда назоратни кучайтириш билан бир қаторда даволаш, профилактика ва ижтимоий реабилитация чораларини кучайтириш зарурлиги алоҳида таъкидланди. Чунки инсон жамиятга соғлом ҳолда қайтса, унинг ҳаёти ва келажаги ўзгаради.
Шунингдек, тадбирда гиёҳвандликка қарши курашишда жамият ва давлат биргаликда ҳаракат қилиши лозимлиги, аҳолида ушбу иллатга қарши иммунитетни шакллантириш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Президент Шавкат Мирзиёев топшириғига мувофиқ, ёшлар ўртасида, хусусан, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Ёшлар ишлари агентлиги ҳамда маҳалла раислари билан ҳамкорликда тизимли ва узлуксиз ишлар олиб борилиши белгиланди.
Live
Барчаси