Парда ортидаги қудрат: Эроннинг янги Олий раҳбари Мужтабо Хоманаий асли ким?

Таҳлил

Эронга расман Олий раҳбар тайинланди. Эрон Трампнинг талабларига очиқчасига қарши чиқиб, Олий раҳбар сифатида Али Хоманаийнинг вориси – Мужтабо Хоманаийни сайлади. Халқ бу қарорни олқишлади. Таҳлилчилар энди АҚШ президенти Дональд Трампнинг операцияси Эронда режимни ўзгартиролмаганини, шунчаки Хоманаийнинг версиясини ёшроқ версияси билан алмаштиришдан иборат бўлганини таъкидламоқда. Отасининг ўлимидан аввал давлат лавозимларида ишламаган, оммавий нутқлар ёки интервьюлардан йироқ бўлган ҳамда “парда ортидаги куч” деб таърифланаётган Мужтабо Хоманаий асли ким? Яқин дақиқалар ичида бу ҳақда QALAMPIR.UZ батафсил маълумот беради.

Мужтабо Хоманаий асли ким?

Саййид Мужтабо Хоманаий 1969 йил 8 сентябрда Машҳаднинг шимоли-шарқида туғилган. У ҳалок бўлган Эрон олий раҳбари Али Хоманаийнинг олтита фарзандидан иккинчиси ҳисобланади. Унинг болалик даври отасининг Эрон Шоҳи Муҳаммад Ризо Паҳлавий монархиясига қарши етакчи инқилобчи сифатида танилган вақтларга тўғри келади. Бу йилларда бўлажак олий раҳбар Али Хоманаий Машҳаддаги учта масжидда диний дарсларга раҳбарлик қилган. Али Хоманаийнинг расмий таржимаи ҳолига кўра, Хоманаий Паҳлавийлар монархиясига қарши фаолияти сабаб САВАК эътиборига тушган. 1975 йил қишида махсус хизмат ходимлари унинг Машҳаддаги уйига бостириб кириб, уни олтинчи марта ҳибсга олган ва қўлёзмаларини мусодара қилган. 

1979 йилги Ислом инқилобидан сўнг оиланинг сиёсий тақдири кескин ўзгарди. Хоманаий қонунбузарликдан мудофаа вазири ўринбосари каби муҳим лавозимларда ишлашга ўтади. Бу эса оилани  Машҳаддан Теҳронга кўчиб ўтишга олиб келади. У ерда Мужтабо режим элиталари билан машғулот ўтказиладиган Алави ўрта мактабида ўқиди. Бу мактаб битирувчилари орасида собиқ ташқи ишлар вазирлари Али Акбар Вилаяти ва Жавад Зариф, шунингдек, парламентнинг собиқ раиси Ғулом Али Ҳаддад-Адел ҳам бўлган. Бу ерда Мужтабога ҳам дунёвий ҳам динний таълим берилган.

17 ёшида Мужтабо Эрон–Ироқ уруши пайтида қуролли кучларда, хусусан, Ҳабиб ботальонида хизмат қилган. Ҳарбий хизмат чоғида, у Эрон хавфсизлик хизматининг етакчи аъзоларига айланадиган одамлар, жумладан, Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси (ИРГC) разведка ташкилотининг раҳбари Ҳусайн Таиб ва Теҳронда хавфсизликни бошқарадиган ИРГCнинг Сараллоҳ штаб-квартираси қўмондони Ҳусайн Нажот билан муносабатларни ўрнатади. Ўша саккиз йил давом этган уруш Эрон ҳукуматининг АҚШ ва Ғарб давлатларига нисбатан шубҳасини янада кучайтирган. Сабаби ўша даврда Ғарб давлатлари Ироқни қўллаб-қувватлаган эди.

1989 йилда Эроннинг биринчи Олий раҳбари Руҳуллоҳ Хомейний вафот этгач, Али Хоманаий бу лавозимга сайланди. Шу пайтдан бошлаб Можтабанинг ҳаёти ўзгарди: у мудофаа вазири ўринбосарининг ўғлидан мамлакатнинг энг қудратли шахсларидан бири бўлган Олий раҳбарнинг ўғлига айланди. Шу йилларда Мужтаба Хоманаий аввал отасидан, кейинчалик эса бош судья бўлган Маҳмуд Ҳошимий Шаҳрудийдан диний таҳсил олган. 1999 йилда Мужтаба диний таълимини давом эттириш учун шиа илоҳиётининг муҳим марказларидан бири ҳисобланган муқаддас Қум шаҳрига борди. Қизиғи шундаки, у руҳоний кийимини анча кеч – тахминан 30 ёшларида кийишни бошлаган. Одатда диний таълим бу соҳада ёшроқ пайтда бошланади. Илгари Мужтабо ҳеч қачон Эрон ҳукуматида расмий лавозим эгалламаган. Баъзи сиёсий йиғилишларда кўринган бўлса-да, омма олдида жуда кам гапиради. Ҳозирда у “ҳожжат-ул-ислом”, яъни ўрта даражадаги руҳоний ҳисобланади ва бу ҳолат унинг олий раҳбар бўлиши учун айрим саволларни ҳам келтириб чиқармоқда.

Мужтабонинг Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси (ИРГC) билан жуда яқин алоқалари бор. Бу эса унга мамлакатнинг сиёсий ва хавфсизлик тизимида катта таъсир ўтказиш имконини берган. Айрим манбаларга кўра, Мужтабо отасининг энг яқин маслаҳатчиларидан бири бўлган ва кўп муҳим қарорлар айнан у орқали ўтган. АҚШдаги United Against Nuclear Iran ташкилотининг тадқиқотчиси Касра Аарабининг айтишича, Мужтабо, айниқса Инқилобий гвардиянинг ёш ва радикал қарашдаги аъзолари орасида катта қўллаб-қувватловга эга.

Сиёсий аралашув айбловлари

Мужтабонинг исми илк бор 2005 йилги президентлик сайловлари пайтида жамоатчилик эътиборига тушди. Мазкур сайлов популист радикал Маҳмуд Аҳмадинажоднинг ғалабаси билан якунланганди.

Тўрт йил ўтгач, 2009 йилда Мужтабо яна худди шундай айбловларга дуч келди. Аҳмадинажоднинг қайта сайланиши мамлакат бўйлаб “Яшил ҳаракат” номи билан танилган оммавий норозилик намойишларини келтириб чиқарди. Баъзи намойишчилар Мужтабонинг отасидан кейин Эрон олий раҳбари бўлиши эҳтимолига қарши шиорлар айтишди.  Ўша пайтда сайловда қатнашган руҳоний Меҳди Карроубий Али Хоманаийга мактуб ёзиб, Мужтабо Аҳмадинажодни қўллаб-қувватлашда айблаган. Аммо, Али Хоманаий бу айбловларни рад этган.

АҚШ санкциялари

2019 йилда АҚШ Мужтабо Хоманаийга қарши санкциялар жорий қилган. АҚШ Молия вазирлиги унинг расмий лавозимга эга бўлмаса ҳам, отаси номидан кўплаб муҳим қарорлар қабул қилишда иштирок этганини айтган. Шунингдек, у Инқилобий гвардиянинг Қудс кучлари ва Басиж ҳарбий гуруҳлари билан яқин ишлаган. АҚШга кўра, бу гуруҳлар Эроннинг минтақадаги сиёсий таъсирини кенгайтиришда ва ички норозиликларни бостиришда муҳим роль ўйнайди. 2022 йилда полиция қўлида вафот этган ёш аёл воқеасидан кейин бошланган намойишларда ҳам Мужтабо Хоманаий кескин танқид қилинган.

Эроннинг янги Олий Раҳбари

Сўнги ўн йил давомида очиқчасига “ворис” сифатида тилга олинган, аммо фаолиятини “кўринмас аскар” сифатида олиб борган Мужтабо Хоманаий жорий йилнинг 8 март куни Эроннинг учинчи Олий раҳбари лавозимига сайланди. Эрон сиёсий тизимида олий раҳбар давлатнинг энг юқори ҳокимияти ҳисобланади. У ташқи сиёсат, ҳарбий стратегия ва ядровий дастур каби муҳим масалаларда охирги қарорни қабул қилади.  АҚШ ва Исроил бомбардимонлари оқибатида Оятуллоҳ Али Хоманаий ҳалок бўлгач, эронликлар янги Олий раҳбарни илиқ қарши олди.

Энди Эроннинг янги олий раҳбари сифатида Мужтабо Хоманаий отасининг қатъий сиёсатини давом эттириши мумкин деган тахминлар бор.  Сабаби АҚШ ва Исроил томонидан бошланган уруш Мужтабога анча қимматга тушди. Бу уруш унинг шахсий ҳаётига ҳам катта зарба берди. Уруш бошида унинг нафақат отаси, балки рафиқаси ҳам ҳалок бўлган. У машҳур консерватив сиёсатчи ва собиқ парламент спикери Ғулом-Али Одилнинг қизи бўлган. Сўнги ҳужумларда эса Мужтабонинг онаси ва опа-сингилларидан бири ҳалок бўлган.

Таҳлилчиларнинг фикрича, бундай йўқотишлар янги раҳбарнинг сиёсий позициясига ҳам таъсир кўрсатиши мумкин. Айрим экспертлар шахсий фожиаларни бошдан кечирган раҳбар Ғарб босимига нисбатан янада қатъийроқ сиёсат юритиши эҳтимоли юқори эканини таъкидламоқда. Бироқ, Мужтабо Хоманаийнинг олдида жуда катта ва мураккаб вазифалар турибди. У Эрон Ислом Республикасини сақлаб қолиши, мамлакатни сиёсий ва иқтисодий инқироздан олиб чиқиши ва халқни ўз етакчилигига ишонтира олиши керак бўлади.

Шу билан бирга, ҳокимият отадан ўғилга ўтгандек кўриниши ҳам жамиятда норозиликни кучайтириши мумкин. Мужтабо Хоманаий энди нафақат сиёсий жиҳатдан, балки хавфсизлик нуқтаи назаридан ҳам катта хавф остида. Исроил мудофаа вазири яқинда Али Хоманаийнинг ўрнига ким келишидан қатъи назар, у “йўқ қилинадиган аниқ нишон” бўлишини айтганди.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Эрон Трамп уруш Сиёсий аралашув Муҳаммад Ризо Паҳлавий Мужтабо Хоманаий янги Олий Раҳбари АҚШ санкциялари Руҳуллоҳ Хомейний Эрон–Ироқ

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

5

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг