Исломга ҳурмат: Тарих ёзган Мирзиёев

Таҳлил

“Биз буюк аждодларнинг авлодимиз” каби жимжимадор гапларни эшитганингизда хаёлингизга биринчи нима келади? Бу каби гапларни кўп марта эшитганингиз аниқ. Бир ўйлаб кўринг, уни ўз маъносида тушунганмисиз? Жуда кўпчилик, афсуски, “ҳа” деган жавобни бера олмайди. Чунки бу гапларни эшитганида ё қандайдир тадбирнинг расмий қисми деб эътиборсиз қолдирган, ё қайта-қайта эшитаверганидан одатий жумлалардек қабул қилишни бошлаган. Айримлар учун эса бу каби гаплар қайсидир нутқнинг якунланганини, энди қарсак чалиш кераклигини англатадиган белги холос.

Афсуски шунақа. Бунинг сабаби битта: ўша буюк аждодлар, улуғ алломалар деганда кимлар назарда тутилаётганини тушунмаслик, улар ким эканлигини билмаслик, танимасликдир. Аммо энди ҳаммаси бошқача бўлиши мумкин!

Тошкентнинг қоқ марказида ўтмиш ва келажакни боғловчи муҳим аҳамиятга эга нуқта пайдо бўлди. Тасаввур қилинг, асрлар давомида дунёнинг турли кутубхоналарига сочилиб кетган ўзбекларнинг интеллектуал бойлиги — қўлёзмалар, кашфиётлар ва Ўзбекистон тарихининг энг ёрқин саҳифалари энди битта гумбаз остида жамланди. Бу марказ — ўзбеклар кимлигини эслатиб турувчи улкан “хотира хазинаси”. Биноларидаги ҳар бир нақшда, ҳар бир ғиштда миллатнинг ўз аслига қайтишга интилиши сезиладиган Ислом цивилизацияси марказини назарда тутяпмиз.

Ер юзида 4 та экани айтиладиган, баъзи манбаларда эса 7 та дейиладиган, нима бўлса ҳам ислом оламида алоҳида қадрланадиган Усмон Мусҳафининг битта асл нусхаси ҳамда турли сулолалар даврида яратилган 114 та нодир Қуръон қўлёзмасини жамлаган, қарийб 8 йил давомида қурилган, дунёнинг энг машҳур ОАВлари томонидан Марказий Осиёнинг “албатта бориб кўриш керак бўлган маскани” деб таърифланаётган Ислом цивилизацияси маркази 17 март куни тантанали равишда очилди. Жараёнда Ўзбекистон етакчиси Шавкат Мирзиёев ҳам иштирок этди.

Марказ майдони ва қамровига кўра, дунёда ислом тарихи, маданияти ва цивилизацияларини ўрганиш ҳамда тарғиб этишга қаратилган йирик мажмуалардан бири ҳисобланади. У Тошкентнинг машҳур Ҳазрати Имом мажмуаси ҳудудидаги 10 гектар майдонда барпо этилган. Бино уч қаватдан иборат бўлиб, узунлиги 161 метр, эни 118 метрни ташкил этади. Гумбазининг баландлиги 65 метр, умумий фойдаланиш ҳудуди эса 42 минг квадрат метрдан зиёд. 

Бу каби ноёб кўрсаткичлари сабаб у яқинда “Гиннеснинг рекордлар китоби”га киритилиши ҳам мумкин.
Марказ замонавий технологиялар билан бойитилган. Бу эса ташриф буюрувчиларга эски қолибдаги, зерикарли атмосферани эмас, балки голограммалар орқали ноодатий тарзда маълумот олиш имконини беради. Очилиш маросимида Президент Шавкат Мирзиёевга ҳам махсус мэппинг голограмма намойиш этилди. Унда Қуръони каримнинг нозил бўлиш жараёни гавдалантирилган.

Марказни бойитиш мақсадида Президент топшириғига мувофиқ, хориждаги маданий бойликларни Ўзбекистонга қайтариш ишлари олиб борилган. Турли аукцион уйлари, арт-дилерлар ва шахсий коллекционерлардан 700 дан ортиқ артефактлар сотиб олинган. Шунингдек, турли муассасалар, ташкилотлар ва ҳомийлар томонидан 1000 дан ортиқ буюмлар ҳадя қилинган. Уларнинг асосий қисми биринчи қаватдаги музейга жойлаштирилган.

Манзилдаги кутубхонанинг умумий майдони эса 3 минг 105 квадрат метрни ташкил этади. Ҳозирги вақтда унинг фонди 45 минг 150 тадан зиёд адабиётни қамраб олган бўлиб, шундан 2 минг 609 таси нодир нашрлардан иборат. Бундан ташқари, кутубхонада 350 мингта электрон адабиёт мавжуд. У бир вақтнинг ўзида 310 нафар фойдаланувчига хизмат кўрсатиш имкониятига эга.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, марказга бир кунда ўртача 5 минг нафарга яқин сайёҳ келиши кутилмоқда. Марказ ва музейнинг халқаро стандартлар асосида тўлақонли фаолият юритиши учун 400 дан зиёд ходим талаб этилади. Айни пайтда махсус тайёргарликдан ўтган 100 дан ортиқ назоратчи ва 30 дан зиёд экскурсоводлар фаолият юритяпти. 10 та давлатдан ташриф буюрувчи сайёҳлар учун алоҳида гид матнлари ишлаб чиқилган.

Марказ қисқа муддат ичида халқаро нуфузли ташкилотлар ва нашрлар томонидан алоҳида эътироф этилмоқда.

Хусусан, марказ Франциянинг Авиценна мукофотига сазовор бўлган, АҚШдаги Смитсон институтининг нашри талқинига кўра, 2026 йилда дунёда энг катта қизиқиш билан кутилган 10 та музейдан бири сифатида эътироф этилган. Шунингдек, “Condé Nast Traveler” нашри уни 2026 йил июнь ойида ташриф буюриш мумкин бўлган музейлар рўйхатига киритган, BBC Travel эса дунёдаги энг кўп кутилган музейлар қаторига қўшган. Машҳур Forbes нашри Ислом цивилизацияси марказини Евроосиёнинг янги геомаданий маркази деб атади. The Korea Herald сайтида эълон қилинган мақолада эса марказнинг ташкил этилиши Осиё ва жаҳон ҳамжамияти учун муҳим интеллектуал ва маданий ташаббус сифатида баҳоланган.

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг расмий очилиш маросимида ифторлик ташкил этилди. Унда миллиардер Алишер Усмонов ҳам иштирок этгани жамоатчиликнинг алоҳида эътиборига тушди. Шунингдек, маросимга ҳудудлардаги студиялар орқали нуронийлар, олиму уламолар, кенг жамоатчилик вакиллари уланган. Қолаверса, турли миллат ва диний конфессиялар аъзолари, дипломатик корпус намояндалари, халқаро ташкилотлар вакиллари ҳам қатнашган. Тадбирда Президент Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлади.

“Не-не аждодларимизнинг орзу-ниятлари, армонлари рўёбга чиққан мана шундай унутилмас кун билан, чинакам илм-маърифат байрами билан ҳаммангизни чин қалбимдан табриклайман. Мамлакатимизнинг уч минг йиллик шонли тарихи ва бой маданиятининг, Янги Ўзбекистон имкониятларининг ёрқин кўзгуси бўлган ушбу бетакрор ва буюк мажмуа барчамизга, бутун халқимизга муборак бўлсин! Бу маскан билан танишган ҳар бир одам, халқимиз, айниқса, ёшларимиз ислом динининг гуманистик моҳиятини англаб етади, ўзининг қандай улуғ мерос эгаси эканини ҳис этиб, қалби ғурур ва ифтихорга тўлади”, – деди мамлакат етакчиси.

Ўзбекистон ислом динининг соф мафкурасини сақлаб қолган, уни кенг тарқалишига хизмат қилган мамлакат сифатида дунё давлатлари томонидан эътироф этилади. Исбот сифатида Ўзбекистоннинг маркази ICESCO, яъни Ислом олами таълим, фан ва маданият ташкилоти томонидан “Ислом маданияти пойтахти” деб эълон қилинганини кўрсатиш мумкин. 2007 йилда Тошкент шаҳри ушбу нуфузли мақомга лойиқ кўрилган. Бу Марказий Осиё минтақасида бундай эътирофга сазовор бўлган илк шаҳарлардан бири эди. 

Ўшанда пойтахтнинг эски шаҳар ҳудудида Ҳасти Имом мажмуаси барпо этилганди. Бугун эса айни шу ҳудудда қурилган марказ сабаб яна бир бор дунё ва ислом олами эътиборини Тошкентга қаратмоқда.

Бу етти кунликда яна бир катта бунёдкорлик ишлари якунига етди. Бутун ислом оламида ва мусулмонлар орасида ёзган китоби муқаддаслиги бўйича Қуръони каримдан кейинги ўринда турувчи, ўн ёшидан бошлаб ҳадис илмини ўрганган, 20 дан ортиқ асар ёзган аллома бобомиз Имом Бухорийнинг ёдгорлик мажмуаси қайта таъмирланиб, 19 март куни унинг очилиш маросими бўлиб ўтди. Ушбу тарихий жараёнда ҳам давлат раҳбари иштирок этди.

Имом Бухорий мажмуаси илгари бир кунда 12 минг зиёратчига хизмат кўрсатган бўлса, ҳозир кунига 65 минг нафар зиёратчини қабул қилиш қувватига эга. Унинг майдони 45 гектарни ташкил этади. 10 минг кишига мўлжалланган улкан масжид, маъмурият бинои, 154 устунли, миллий услубдаги муҳташам айвон қурилди. Зиёратгоҳнинг қоқ марказида Имом Бухорий бобомизнинг табаррук мақбараси ўрин олган.

Мажмуа таркибида энг илғор ахборот технологиялари асосида 9 павильондан иборат ноёб инновацион музей барпо этилди. У ислом оламида муҳаддислар султони дея эътироф этилган Имом Бухорийнинг ҳаёти ва илмий мероси, ислом маърифати ривожига қўшган ҳиссасини намоён этади. Шунингдек, музейда Қуръони каримда исмлари зикр қилинган 25 пайғамбар тарихи, пайғамбаримиз Муҳаммад с.а.в.нинг шажараси, Макка ва Мадинадаги ҳаёти, ҳадисларнинг жамланиши ва ёзилиши ҳақидаги маълумотлар жойлаштирилган. Қадамжодаги 14 та мовий гумбаз, 75 метрлик 4 та минора унга улуғвор қиёфа бағишлаб турибди.

“Ушбу бетакрор қурилиш янги Ўзбекистоннинг улкан имкониятларини яққол намоён этади. Зиёратгоҳ халқимиз учун, жаҳондаги барча мусулмонлар учун эзгулик ва маърифат нурини таратадиган қутлуғ масканга айланади деб ишонаман.

Аминманки, бу даргоҳни зиёрат қилиб, унинг маънавий муҳитидан баҳраманд бўлган инсон, айниқса, ёшлар ислом динининг асл маъносини англаб етади, тўғри йўлдан адашмайди»”,– деди Президент.

Шубҳасиз бу каби ҳам дин, ҳам илм, ҳам маърифат, ҳам ўзликни англатадиган манзилларнинг Рамазон ҳайити арафасида бутун халққа очилиши байрамга муносиб совға бўлди дейиш мумкин. Ўзбекистон ҳукумати бошқа миллат вакилларини ҳам ҳадясиз қолдирмади. Афғонистон халқига қарийб 300 тонна инсонпарварлик ёрдами етказилган бўлса, Эронга 4 та фурада озиқ-овқат ва дори-дармон воситалари юборилди.

ТИВ матбуот хизмати берган маълумотга кўра озиқ-овқат маҳсулотлари, жумладан, ун, гуруч, шакар, макарон маҳсулотлари, кунгабоқар ёғи, консервалар, шунингдек, дори-дармон ва тиббий буюмлардан иборат гуманитар юк Эрон 
томонига етказилган.

Инсонпарварлик юкини қабул қилиш маросимида Дарегаз шаҳри мэри Мужтабо Базмара, Эрон Ташқи ишлар вазирлигининг Хуросон-Разавий вилоятидаги ваколатхонаси раҳбари, вазир маслаҳатчиси Али Масумифар, шунингдек, Эроннинг Туркманистондаги элчиси Али Мужтабо Рузбеҳани иштирок этган. Тадбирда мутасаддилар Ўзбекистон Президентига инсонпарварлик ёрдами ва Эрон халқига кўрсатилаётган эътибор учун самимий миннатдорлик билдирган.

18 март куни эса Ўзбекистон Республикаси номидан Афғонистон халқига 290 тоннадан зиёд инсонпарварлик ёрдами етказилди. Мазкур эзгу ташаббус Рамазон ҳайити муносабати билан афғон халқини қўллаб-қувватлаш ҳамда икки мамлакат ўртасидаги яқин қўшничилик ва дўстона муносабатларни янада мустаҳкамлаш мақсадида амалга оширилган.

Ҳа, асл ўзбек халқи мана шундай. Меҳмонга уйининг тўридан жой бериб ўзи пойгакда ётишни ор деб билмайди. Уруш даврлари исботлаган ҳақиқатни ҳам эслаш мумкин. Ўзлари ейишга нон тополмаган пайтда ҳам ўзбек оилалари чет элдан юборилган ғирт бегона болаларни ҳам қучоқ очиб кутиб олишган, уйларидан жой беришган, уларнида кийинтирган, едирган. Буни қийинчилик даврида 17 та болани асраб олган, инсонийликнинг олий чўққисини кўрсатган Шомаҳмудовлар оиласига бағишлаб суратга олинган “Сен етим эмассан” фильми орқали яхши биласиз.

Аммо бугун пастак уйлар кенгайди, лекин юраклар торайгандек. Ейиш учун озуқанинг минг бир тури бор, қорни очиқ қолаётганлар деярли йўқ, бироқ кўзи тўймайдиганлар кўпайгандек. Асл меҳр нималигини ҳаммага кўрсатганлар юртида меҳрибонлик уйлари, қариялар уйлари пайдо бўлди, унинг ичидагилар сони орта бошлади. Замон ўзгарди деб оқлайди буни кўпчилик. Аммо кўпни кўрганлар замон жойидалиги, инсонлар ва ўлчовлар ўзгарганини айтади.

“Эҳ” деб ачинишга сабаб бўладиган яна бир воқелик шу ҳафтада ошкор бўлди. Тошкент шаҳар Олмазор туманида 3 ёшли болани энагасининг турмуш ўртоғи уриб ўлдирди. 

Жабрланувчининг яқинларини айтишига қараганда бунга 1 млн сўм ойлик тўловнинг кечикиши сабаб бўлган. Болакай энагасининг қарамоғида 5 ойдан буён бўлган. Жорий йилнинг 14 март куни энага аёлнинг турмуш ўртоғи 26 ёшли мавжудот боланинг қаттиқ йиғлаганини баҳона қилиб уни шавқатсизларча дўппослаган. Қўшниларнинг айтишича болакай оғир жароҳатлар билан бир неча соат ётаверган, унга ёрдам кўрсатилмаган. Оқибатда гуноҳсиз жабрланувчи 17 март куни вафот этган. 

Энага боланинг яқинларига дастлаб овқатдан заҳарланиб вафот этганини айтган. Экспертиза хулосаси эса боладаги оғир тан жароҳатларини аниқ кўрсатиб берган. 18 март куни мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 104-моддаси 3-қисми “д” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Яна бир даҳшатли қотиллик хронологияси ҳам ортда қолаётган ҳафтада очилди. Туркияда яна бир ўзбекистонлик аёл ўлдирилган. Уни ҳам жасади бўлакланган. Яна мурда ахлат қутиларига ташланган. Яна, яна, яна…

Истанбулда 7 йил аввал 36 ёшли Ҳуррият Турсунбоеванинг бедарак йўқолгани ҳақида опаси томонидан хабар берилган. У туркиялик эркак билан оила қурган бўлган. Тергов доирасида Ҳурриятнинг қўшнилари сўроқ қилинганида эри уларга хотини депортация қилинганини айтган. Қўшнилар эса ўша пайтда хонадондан бадбўй ҳид келганини эслаган. Эрсин исмли шахс бу ҳидни уйда кабутар боқаётгани билан изоҳлаган.

Текширувлар натижасида аёлнинг Туркиядан чиқиб кетмагани, аксинча, унинг телефон рақами ўша йилларда фаол бўлгани аниқланган. Шунингдек, эр-хотин ўртасида мунтазам жанжаллар бўлиб тургани ҳам маълум бўлган. Воқеадан 7 йил ўтиб аслида Ҳуррият Турсунбоева 37 ёшли турмуш ўртоғи томонидан таёқ билан уриб ўлдирилгани аниқланди.

Эркак ўз кўрсатмасида Ҳурриятни ўлдиргач, жасадни бир ой давомида балконида сақлаганини, устини қум, кейинчалик оҳак билан бекитганини айтган. Бадбўй ҳид кетмагач, уни ошхонада бўлакларга ажратиб, уйи яқинлигидаги чиқиндига ташлаганини тан олган. Хонадонда ўтказилган текширувда ошхона ва балкон қисмларида етти йил олдинги қон излари топилган. 

Қолаверса, у аёли ташлаб кетгани ҳақидаги ёлғон важ билан ажрашишга ҳам эришган. Гумонланувчи Эрсин ва дўсти Анил ушланган. Ҳозирда мазкур иш бўйича ҳужжатлар судга топширилган. Сўнгги икки ой ичида дараги чиққан тўртинчи қотиллик бу.

Ҳурматли мусофир аёллар! Жуфт танлашда ва ким биландир муносабатга киришишда ҳиссиётларингизгагина суяниб қолманг!


Мақола муаллифи

Теглар

Истанбул Тошкент Шавкат Мирзиёев Қуръони карим Рамазон ҳайити Марказий Осиё Очилиш маросими гумбаз Ислом цивилизацияси Усмон Мусҳафи Ҳазрати Имом мажмуаси хориждаги маданий бойликлар ислом дини Ҳасти Имом мажмуаси Инсонпарварлик Ҳуррият Турсунбоева

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

5

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг