Германияга ишлашга юборилган бир гуруҳ ўзбекистонлик ёшлар сарсон юргани айтилмоқда (видео)
3-саҳифа
−
30 Июнь 2023
15670Ижтимоий тармоқларда бир гуруҳ ўзбекистонлик ёшлар Германияга бориб, қийин аҳволда қолгани акс этган видео тарқалиб, кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлди. Ҳолат юзасидан Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги муносабат билдирди.
Дастлабки ўрганишларга кўра, "Turon World Cooperation Хусусий Бандлик Агентлиги" масъулияти чекланган жамияти вакиллари ўзларига таниш бир қатор ташкилотлар билан ҳамкорликда 2023 йилнинг май-июн ойларида Work and Travel дастури орқали Германияга 102 нафар талабани жўнатган. Аммо Германияга етиб борган талабаларни иш билан таъминлашда муаммолар юзага келган.
Маълум қилинишича, ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан ўрганиш ишлари бошланган, вазиятга ҳуқуқий баҳо бериш учун ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат қилинади ва натижаси ҳақида қўшимча ахборот берилади.
Шу ўринда вазирлик фуқароларни хорижга ишга жалб қилиш билан шуғулланиш лицензия талаб этадиган фаолият тури ҳисобланишини эслатиб ўтиб, бугунги кунда 9 та хусусий бандлик агентлиги лицензияга эгалигини маълум қилган.
Вазирлик эълон қилган рўйхатда келтирилишича, "Turon World Cooperation Хусусий Бандлик Агентлиги" МЧЖга лицензия 2020 йил 25 ноябрда берилган. Шунингдек, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ушбу лицензиянинг амал қилиш муддати 2022 йил 10 июнда вақтинча тўхтатилганини эълон қилган,
Вазирликнинг қўшимча қилишича, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ва Германиянинг NoVo Agency ташкилоти ҳамкорлигида Work and Travel дастури доирасида жорий йилда 310 нафар талаба Германияга етиб бориб, ишга жойлашган ва яна 39 нафарининг виза олиши кутилмоқда. Ушбу талабалар томонидан бугунги кунга қадар мурожаат келиб тушмаган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда бугун, 30 июнь – Ёшлар куни нишонланмоқда.
LiveБарчаси
29 Октябрь