Германияда ниқоб билан рулга ўтириш тақиқланди
Олам
−
24 Август
1718Германияда автомобилларни ниқоб кийган ҳолда бошқариш тақиқланди. Бу ҳақда “Bild” хабар берди.
Кобленц шаҳар Олий маъмурий суди раҳбарияти автомобиль ҳайдаш пайтида ниқоб кийиш барча йўл ҳаракати қатнашчиларининг хавфсизлигига таҳдид солишини билдирган.
Газетанинг ёзишича, Рейнланд-Пфальц федерал ўлкасидан бўлган мусулмон аёл мазкур қарорга норозилик билдириб даъво қилган. У машина ҳайдаш пайтида ниқоб кийишни тақиқлаш унинг диний ҳуқуқларини бузишини айтган. Аёл ўз ҳуқуқларини талаб қилиб, юқори турувчи ташкилотларга шикоят билан мурожаат йўллаган. Бироқ аёл мурожаат қилган барча органлардан ёрдам ололмаган ҳамда муваффақиятсизликка учраган.
Германияда қўлланиладиган умумий қоидаларга кўра, ҳайдовчилар юзларини таниб бўлмайдиган тарзда яшириши мумкин эмас. Суд ниқоб тақиқини конституциявий асосли ва йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш учун ишлаб чиқилганлигини тасдиқлаган.
Суд жорий чеклов аризачига ўз эътиқодига амал қилишига тўсқинлик қилмаслигини, машина ҳайдаш ўрнига ундан автобус ва поездлардан фойдаланиш ёки мотоцикл минишни таклиф қилган. Қайд этилишича, тақиқ ушбу турдаги транспорт воситаларига тааллуқли эмас.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Доғистон муфтияти республикада таҳдидлар бартараф этилгунига ва янги диний хулоса чиқарилгунга қадар ниқоб кийишни вақтинчалик тақиқлаганини эълон қилганди.
LiveБарчаси