Германияда Назарбоевларга тегишли ҳашаматли саройлар аниқланди 

Олам

image

Германияда Қозоғистоннинг биринчи Президенти Нурсултон Назарбоевнинг оила аъзоларининг ҳашаматли саройлари топилди. Бу ҳақда Германиянинг Deutsche Welle (DW) нашри хабар берган.  

“Фрескалар, ҳашаматли қандиллар, қимматбаҳо ёғочлардан ясалган шифтлар — Баден-Бадендаги Зеелах саройининг ички безаклари ҳайратланарли. XIX асрда Зеелах машҳур рус дипломати, хусусий маслаҳатчи Михаил Хрептовичнинг ёзги қароргоҳи бўлган. Аммо ҳозир бу ерда нималар борлиги аристократнинг тушига ҳам кирмаган. Қозоғистонлик янги мулкдорлар тарихий виллани қайта қуриб, ҳудудда фавворали ландшафт боғи ва унинг остида 1000 кв.м га яқин ҳашаматли спа-зона барпо этишган”, дейилади хабарда. 

Қайд этилишича, 25 метрлик ҳовуз устидаги шиша гумбаз ҳатто коинотдан олинган суратларда ҳам кўринади. 

“Элит мулкни тартибга солиш деярли ўн йил давом этди ва икки йил олдин якунланди. Эмиссиянинг нархи 60 миллион еврони ташкил этади”, дейилади ОАВ хабарида.

Германия компаниялари реестридаги ҳужжатларга кўра, Зеелахга эгалик қилувчи Schloss Seelach Invest компаниясининг устав капитали мулкни реконструкция қилиш йилларида аста-секин бу миқдорга оширилган. 

“Улар пулни аямади”, деган реконструкцияда қатнашганлардан бири. 

Унинг аниқлик киритишича, қурувчилар Қозоғистонга фотосуратлар жўнатиб, ҳар бир қадам бўйича ҳисобот берган. 

“Бир марта мижозларга фрескалар ёқмади ва улар ишни қайта бошлашни буюрди, рассомга эса 150 000 евро тўлаб бўлинган эди”, дея қўшимча қилган у.

ОАВ маълумотларига кўра, қозоғистонликлар Зеелах мулкидан ташқари ҳудуддаги яна учта кўчмас мулк объектига, жумладан, иккита тарихий обидага — машҳур меъмор Густав Строхнинг ХХ аср бошларида тарихийлик услубида қурилган вилласига ва Бюлерхе қалъа меҳмонхонасига эгалик қилади.

Умуман олганда, виллалар ва меҳмонхоналарга 100 миллион евродан ортиқ сармоя киритилган. 

“Буларнинг барчаси бир оила аъзоларига тегишли”, дейилган хабарда.

Schloss Seelach Invest GmbH асосчиси (Зеелах мулкининг эгаси) Қозоғистоннинг Verus Praedium International компанияси бўлиб, у ўз навбатида Олма-отанинг “Кипрос” компаниясига тегишли. Schloss Seelach Invest GmbH фойда олувчиси Қозоғистоннинг собиқ Президенти Нурсултон Назарбоевнинг куёви, унинг ўртанча қизи Динаранинг эри Тимур Кулибаевдир. 

Тимур ва Динара Кулибаевлар Қозоғистоннинг Mercury Properties компанияси орқали Германиядаги бошқа бир компания Bühlerhöhe Castle Invest GmbH’нинг якуний бенефициарлари ҳисобланади. 

“Бу компания Баден-Баден яқинидаги Бюле шаҳрида иккита меҳмонхонага эга”, дейилган хабарда. 

Қайд этилишича, Тимур Кулибаев Kazenergy саноат ассоциациясининг раиси, январь ойининг ўрталарига қадар у кўп йиллар давомида “Атамекен” миллий тадбиркорлар палатасини бошқарган, у қонуний равишда бизнес ва ҳукуматнинг иқтисодий сиёсати устидан сезиларли таъсир кўрсатган. 

“Динара ва Тимур Кулибаевлар Қозоғистондаги энг бой турмуш қурган жуфтлик. “Forbes” нашри Нурсултон Назарбоевнинг қизи ва куёвининг бойлигини қарийб 6 миллиард долларга баҳолаган. Сўнгги ўн йил ичида уларнинг активлари икки баравар кўпайган ва улар Қозоғистон мустақиллигининг илк кунларидан, яъни Назарбоев давлат раҳбари бўлганиданоқ бойиб кета бошлаган”, дейилади мақолада. 

Сиёсатшунос Досим Сатпаевга кўра, собиқ Президент ва унинг оиласи ўз бойликлари билан ижтимоий адолатсизликни тимсол қилиб кўрсатмоқда, бу эса январь ойида мамлакатда тартибсизликларга айланиб, юзлаб қурбонларга сабаб бўлган оммавий норозиликларнинг асосий сабабларидан бирига айланди.

“Назарбоевга алоқадор элита Қозоғистонда қанчалик бойиб кетган бўлса, мамлакатда қашшоқлик умуман камаймади”, деган Сатпаев. 

Унга кўра, хусусан, нефть қазиб олиш каби фойдали соҳада тенгсизлик масаласи, айниқса, кескин. Мамлакатнинг энергетика ресурслари асосан ҳукмрон элита томонидан назорат қилинади ва нефтчилар иш ҳақининг пастлиги сабабли мунтазам иш ташлайди.

OCCRP Уюшган жиноятчилик ва коррупцияни ўрганиш марказининг яқинда ўтказган терговига кўра, Нурсултон Назарбоев бутун дунё бўйлаб хайрия ниқоби остида фаолият юритувчи жамғармалар орқали қарийб 8 миллиард долларлик активларни назорат қилади. 

“Расмий нуқтаи назардан, Кулибаевларнинг Германияга киритган сармоялари қонунийдир — улар Қозоғистонда ноқонуний келиб чиқиши аниқланган тақдирдагина Германиянинг жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши қонунчилигини бузган бўларди. Бундан келиб чиққан ҳолда, Германиядаги қозоғистонлик фаолларнинг талабларини бажариш унчалик осон эмас. Мулкни мусодара қилиш масалаларида фақат қонун устуворлиги усулларидан фойдаланиш мумкин. Ҳаммаси исботланган бўлиши керак”, дейди Германия-Қозоғистон жамияти раиси Томас Хельм.

Нашрнинг Баден-Бадендаги суҳбатдошларининг таъкидлашича, Германияда ҳашаматли уй-жойларга эга бўлган Нурсултон Назарбоевнинг оила аъзоларидан бирортаси ҳалигача уларга бормаган.

Сиёсатшунос Сатпаевга кўра, бу ажаблантирмайди. Унинг фикрича, ҳашаматли мулклар собиқ Президент оиласи учун ҳокимият алмашганда олтин қуймалари, акциялар ва Ғарб банкларидаги ҳисоб рақамларидаги пуллар каби бир хил “захирадаги аэродром”дир.

Аввалроқ, Британия парламенти томонидан Нурсултон Назарбоев оиласи ва унинг атрофида фаолият юритганларга қарши санкциялар қўлланиши мумкинлиги ҳақида хабар бергандик. Британия парламенти тақдим этган рўйхатнинг аввалини Назарбоевнинг ўртанча куёви Тимур Кулибаев, Қозоғистон парламенти собиқ спикери Нурлан Нигматулин, “Нур Отан” партияси раисининг собиқ биринчи ўринбосари Бауиржон Байбек ва қатор давлат амалдорлари эгаллаган.  

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 2 январь куни Қозоғистонда суюлтирилган газ нархи ошишига қарши норозилик намойишлари бошланди. Намойишлар бир неча кундан кейин тартибсизликларга айланиб кетди. Уларнинг иштирокчилари полиция ва ҳарбийларга ҳужум қилган. Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев давлат тўнтаришига уриниш ҳақида эълон қилди. 7 январга келиб вазият нисбатан барқарорлашди, 19 январдан бутун мамлакат бўйлаб фавқулодда ҳолат бекор қилинди. Расмий маълумотларга кўра, ушбу воқеалар натижасида 225 киши ҳалок бўлган, 4,5 мингдан ортиқ киши жароҳатланган.


Мақола муаллифи

Теглар

Германия Назарбоев Кулибаев

Баҳолаганлар

173

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг