Британия Назарбоевнинг қайси қариндошларига санкция қўллаши маълум бўлди

Олам

image

Кеча, 3 февраль куни Британия парламентида Буюк Британияда қиймати ярим миллиард фунт стерлингдан ортиқ мулкка эга бўлган Қозоғистон элитаси вакилларига берилган “олтин визалар” бўйича тингловлар бўлиб ўтгани ҳамда Қозоғистондаги январь фожиалари фонида элита вакилларига қарши санкциялар жорий этиш таклиф қилингани ҳақида хабар берган эдик.

Британия Парламенти томонидан Қозоғистоннинг Биринчи Президенти - Элбоши Нурсултон Назарбоев оиласи ва унинг атрофида фаолият юритганлардан айнан кимларга қарши санкциялар қўлланиши мумкинлиги очиқланди. 

Британия Парламенти тақдим этган рўйхатнинг аввалини Назарбоевнинг ўртанча куёви Тимур Кулибаев, Қозоғистон Парламенти собиқ спикери Нурлан Нигматулин, “Нур Отан” партияси раисининг собиқ биринчи ўринбосари Бауиржон Байбек ва қатор давлат амалдорлари эгаллаган. 

“Буюк Британияни мен номини келтирган шахсларга қарши коррупцияга аралашиш айби билан санкциялар қўллаш ва уларнинг барча активларини мусодара қилиш учун чора кўришга чақираман”, деган британиялик депутат Маргарет Хеж Парламентга қилган мурожатида. 

Парламент вакилига кўра, Назарбоевнинг ўртанча қизи Динара Назарбоеванинг турмуш ўртоғи Тимур Кулибаев ва унинг шериги Арвинд Тик ўз мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиб Европада катта бойлик орттирган.

2020 йилда “Financial Times” эълон қилган маълумотларга кўра, Кулибаев йирик давлат қувурларини ётқизиш бўйича шартномалардан даромад олиш учун махфий схемадан фойдаланган. Бошқа мамлакатларда унга нисбатан пул ювиш ва пора олишда гумон қилиниб, тергов ҳаракатлари бошланган. “Forbes”  маълумотларига кўра, ҳозирда унинг бойлиги 2,9 миллиард долларни ташкил этади. Буюк Британияда эса у камида 60 миллион фунт стерлингга тенг кўчмас мулкка эга.

Бундан ташқари, Парламент рўйхатида Назарбоевнинг тўнғич қизи Дариға Назарбоева ва унинг турмуш ўртоғи дея тахмин қилинадиган Кайрат Шарипбаев ҳам бор.

Парламент вакилининг билдиришича, “Forbes” томонидан 595 миллион долларга баҳоланган Дариғанинг империяси офшор компаниялар, фондлар ва трастларнинг ниҳоятда мураккаб тизими орқали яширилган. Унинг Лондондаги учта кўчмас мулкига нисбатан келиб чиқиши номаълум бўлган мулк дея баҳо берилиб, тақиққа олиш учун ордер чиқарилган. 

Шарипбаевнинг эса Назарбоевлар оиласиники дея кўриладиган Қозоғистондаги  RBK банкидан товламачилик йўли билан 334 миллион доллар ундиргани айтилмоқда. 

Рўйхатни Назарбоевлар оиласининг яна бир вакили, Дариғанинг ўғли ва собиқ президентнинг набираси Нурали Алиев давом эттиради. 

Маълум қилинишича, 21 ёшлигида Нурали бобосининг номига аталган Қозоғистондаги “Nurbank” хусусий банкининг ижрочи директорига ўринбосар этиб тайинланган. Назарбоевлар оиласининг вакили 22 ёшга тўлганида эса ҳукумат вакилига айланган. 

Буюк Британия судининг ҳужжатларида у 2008 йилда ўзига тегишли компания орқали банкдан 65 миллион доллар кредит олгани ва кейинчалик эса яна бошқа кредит олгани ҳам кўрсатилган. Нуралининг адвокатларига кўра, у пулларнинг бир қисмини Лондоннинг Бишопс-авеню ҳудудидан 39,5 миллион фунт стерлинг миқдоридаги уйни сотиб олиш учун сарфлаган.

Британия Парламенти эълон қилган рўйхатнинг кейинги қисмларида Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитасининг собиқ раиси Карим Масимов ва унинг ҳамкасби Айгуль Нуриева, қозоғистонлик бизнесмен Владимир Ким ҳамда унинг шериги Эдуард Огай, яна бир бизнесмен Кенес Ракишев, “Қозоғистон Темир Йўллари” Миллий компанияси собиқ раҳбари Сауат Мынбаевни кўриш мумкин. 

Рўйхатни Биринчи Президентнинг кенжа қизи Алия Назарбоева ва Элбошининг укаси Болат Назарбоев ҳамда бир қанча собиқ давлат раҳбарлари, вазирлар ва бизнесменлар якунлаган.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

247

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг