Германияда бункерлар тизимини яратиш режалаштирилмоқда

Олам

image

Германиянинг аҳоли ҳимояси ва фавқулодда вазиятларда ёрдам кўрсатиш бўйича федерал идораси (BKK) мамлакат ҳудудида бункерлар тармоғини яратиш режаларини ишлаб чиқмоқда. Бу ҳақда “Deutsche Welle” хабар берди.

Қайд этилишича, ушбу ташаббус халқаро таҳдидларнинг кучайгани сабаб амалга оширилмоқда. Ҳозирда BKK қайси жамоат биноларини бундай бошпана сифатида жиҳозлаш мумкинлигини ўрганмоқда. Улар орасида бошқарув бинолари ва метро станциялари ҳам бўлиши мумкин.

Бундан ташқари, мобил илова ишлаб чиқиш режалаштирилган бўлиб, бу илова фуқароларга энг яқин бункер масофасини кўрсатади. Шунингдек, BKK Германия аҳолиси ўз уйларининг гаражлари ва ертўласида бошпана яратишни рағбатлантиришни ҳам кўзламоқда.

Нашрга кўра, 2024 йилнинг март ойида Германия шаҳарлар ва жамоалар уюшмаси раҳбари Андре Бергхеггер федерал ҳокимиятни уруш эҳтимоли туфайли Германиянинг тинч аҳолиси хавфсизлигини таъминлаш мақсадида миллиардлаб маблағ сарфлашга чақирган эди. У хавфсизлик энди табиий ҳолат деб ҳисобланмаслигини таъкидлаган ва фақатгина армияни мудофаа қобилиятига эга қилиш масаласини эмас, балки фуқароларни ҳам уруш хавфидан ҳимоя қилиш зарурлигини айтган.

Бергхеггер, шунингдек, мамлакатда бошпана сонини кўпайтириш зарурлигини таъкидлаган. Хусусан, ҳозирда Совуқ уруш давридаги 2000 та жамоат бошпанасидан фақат 600 таси қолган бўлиб, уларнинг жами сиғими тахминан 500 минг кишига мўлжалланган. У эски бошпаналарни яна ишга тушириш зарурлигини маълум қилган.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Германия Қуролли кучлари (Бундесвер) Россия билан эҳтимолий урушга тайёргарлик кўриш мақсадида мамлакатнинг йирик компаниялари вакиллари билан тушунтириш ишлари олиб бораётгани хабар қилинганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Германия бункер

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг