Германияда Алишер Усмоновга нисбатан очилган “пул ювиш” иши ёпилди
Олам
−
05 Ноябрь
2021Германияда россиялик миллиардер Алишер Усмоновга нисбатан пул ювиш иши ёпилди. Усмонов бу тергов тўхтатилиши эвазига 4 миллион евро тўлашга рози бўлган. Бу ҳақда “Bloomberg” хабар берди.
Франкфурт-Майн Бош прокуратурасига кўра, 71 ёшли тадбиркорга нисбатан иш 11 октябрь куни мамлакатнинг Жиноят-процессуал кодексининг 153-моддаси “а” бандига биноан ёпилган. Ушбу бандга кўра, тергов қилинаётган шахс томонидан айрим шартлар ва мажбуриятлар бажарилганда, жумладан, хайрия ёки давлат бюджетига ҳисса қўшиш орқали иш тўхтатилиши мумкин.
Қайд этилишича, тадбиркор 1,5 миллион еврони бир неча нотижорат ташкилотларга, яна 2,5 миллион еврони эса Германия давлат бюджетига ўтказишни зиммасига олган. Шу билан бирга, ушбу тўлов Усмоновнинг айбини тан олишини англатмайди. Миллиардернинг адвокатлари Уве Лембрук ва Маркус Готценга кўра, 2,5 йилдан кўпроқ давом этган тергов Усмоновга нисбатан даъволарни, жумладан, пул ювиш айбловларини тасдиқлай олмаган.
Тадбиркорнинг бу маблағни тўлашга розилик беришига процессуал самарадорлик сабаб қилиб кўрсатилган, хусусан, у ушбу “тўқиб чиқарилган ишни” чўзишни истамаган. Шунингдек, Усмонов прокуратура ва давлат органлари ходимларига қарши судга даъво аризаси беришдан ҳамда Гессен федерал еридан нохолис тергов туфайли етказилган зарарни ундириш талабидан воз кечган.
Маълумот учун, Франкфурт-Майн Бош прокуратураси 2022 йил июнь ойида миллиардерга қарши тергов бошлаган бўлиб, бу жараёнда мамлакат бўйлаб кенг кўламли тинтувлар ўтказилган. Умумий ҳисобда Бавария, Баден-Вюртемберг, Шлезвиг-Гольштейн ва Гамбургда 24 жойда тинтувлар амалга оширилиб, кейинчалик суд ушбу тинтувларни ноқонуний деб топган ва барча мусодара қилинган мол-мулкни эгаларига қайтаришни буюрган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Германиянинг ARD телеканали Париж Олимпиадасидаги қиличбозлик ҳақида репортаж эълон қилиб, унда журналист миллиардер Алишер Усмоновни ҳакамларни сотиб олишда айблаганди. Кейинчалик, телеканал ушбу материалнинг ҳақиқатга зид эканини тан олган.