Германия Яқин Шарқдаги дипломатларини камайтиряпти
Олам
−
29 Сентябрь
2214Германия кеча, 28 сентябрь куни Яқин Шарқда вазият жиддийлашиши туфайли Исроил, Фаластин ва Ливандаги дипломатик ходимларини қисқартиришга қарор қилди. Бу ҳақда DPA ахборот агентлиги хабар берди.
Қайд этилишича, ҳукуматнинг инқирозни мувофиқлаштириш гуруҳи Германиянинг Байрут ва Тель-Авивдаги элчихоналари ҳамда Рамаллоҳдаги дипломатик ваколатхонаси ходимларини хавфсизлик билан боғлиқ вазият туфайли камайтиришга қарор қилган.
Исроил, Фаластин ва Ливандаги дипломатик ходимларнинг оилаларига Германияга қайтиш ёки минтақадаги бошқа хавфсиз жойга кўчиб ўтиш буюрилган.
Исроил ва “Ҳизбуллоҳ” ўртасидаги таранглик Исроилнинг сўнгги зарбаларида гуруҳ раҳбари Ҳасан Насруллоҳ ва бошқа юқори лавозимдаги қўмондонлари ўлдирилганидан сўнг тарихдаги энг юқори даражага кўтарилди.
Исроилнинг Байрутга берган зарбаси оқибатида “Ҳизбуллоҳ” ҳаракати раҳбари Ҳасан Насруллоҳ ўлиши ортидан Эрон олий раҳнамоси Оятуллоҳ Али Хоманаий хавфсизлик чоралари кучайтирилган мамлакат ичидаги хавфсиз жойга кўчирилди. Эрон Президенти Масъуд Пезешкиён эса “Ҳизбуллоҳ” етакчисини ўлдиришда АҚШни айблади. Давлат раҳбари ўз баёнотида Насруллоҳни Исроилга қарши кураши учун олқишлади ва “сионистларнинг террор ҳужуми қаршилик оиласини ҳар қачонгидан ҳам кучлироқ қилишини” таъкидлади.
Эслатиб ўтамиз, 27 сентябрь куни кечқурун Исроил ҳарбий-ҳаво кучлари қирувчи самолётлари “Ҳизбуллоҳ” ташкилоти штаб-квартираси жойлашган Байрутнинг жанубий чеккасидаги аҳоли зич жойлашган Даҳия туманига камида 10 марта ракета ҳужуми уюштирганди. Кеча, 28 сентябрь куни ЦАХАЛ “Ҳизбуллоҳ” ҳаракати раҳбари Ҳасан Насруллоҳ ўлганини эълон қилди. Орадан кўп ўтмай “Ҳизбуллоҳ” ҳам раҳбарининг ҳалок бўлганини тасдиқлади.
LiveБарчаси