Германия Украинага қишки ёрдам учун яна 200 млн евро беради – Бербок
Олам
−
04 Ноябрь
2026Германия Ташқи ишлар вазири Анналена Бербок Украинага тўлиқ миқёсли уруш бошланганидан бери саккизинчи ташрифи чоғида бу мамлакатга келаётган қиш даври учун қўшимча 200 миллион евро ёрдам ваъда қилди. Бу ҳақда у бугун, 4 ноябрь куни Киевда украиналик мавқедоши Андрей Сибига билан қўшма матбуот анжуманида маълум қилди.
“Бу маблағлар, хусусан, фронт чизиғида яшовчи украиналикларни ёқилғи билан таъминлашга сарфланади. Учинчи ҳарбий қиш арафасида турган украиналиклар ўзларини нолдан паст ҳароратлардан ҳимоя қилиш учун зарур бўлган нарсалар билан таъминланиши керак”, деди Бербок.
Қайд этилишича, қўшимча инсонпарварлик ёрдами Украина энергетика соҳасини қўллаб-қувватлашга эмас, балки аҳолига қишки фавқулодда ёрдам чораларига қаратилган бўлади.
Бербокнинг сўзларига кўра, урушни бошлаган Россия Президенти Владимир Путин ҳозир Шимолий Корея томонидан қўллаб-қувватланмоқда, шунингдек, Украина шарқида айниқса кескин ҳаракатларни амалга оширмоқда.
“У атайлаб ҳаётий муҳим инфратузилмани йўқ қилишга, электр станцияларини бомбалашга ва электр узатиш линияларини йўқ қилишга ҳаракат қилмоқда. Ҳозирда Украина энергетика инфратузилмасининг деярли учдан икки қисми вайрон қилинган”, деди Германия ТИВ раҳбари.
Эртага, 5 ноябрь куни АҚШда бўлиб ўтадиган президентлик сайловлари, натижада Киевга ёрдам беришга қарши бўлган Дональд Трамп Оқ уйга қайтиши мумкинлиги ҳақида гапирар экан, Бербок Украинани Германиянинг сўзсиз қўллаб-қувватлашига ишонтирди. У Германия Европанинг энг йирик давлати сифатида бу борада “ўз масъулиятини англашини” ва бу ҳақда АҚШ сайловлари арафасида Киевда яна бир бор эслатмоқчи эканини айтди.
Шунингдек, Германия Ташқи ишлар вазири ўз мамлакатида Киевга кўмак бўйича музокаралар давом этаётганини тан олди.
Ўз навбатида, Сибига Украина Ғарб иттифоқчиларидан ўз мамлакатини Россия босқинидан ҳимоя қилиш бўйича аниқ қарорлар кутишини айтди.
“Ҳудудларимиздан айрилиб қолмаслик, халқимизни йўқотмаслик, баъзи соҳаларда ўз-ўзини таъминлаш имкониятига эга бўлишимиз учун ўз вақтида бажарилиши керак бўлган қадамлар жуда муҳим”, деди у.
Ўша куни Бербок Берлин Киевга топширган Gepard ўзиюрар зенит қуролларидан фойдаланиш билан танишди. Украина ҳарбий хизматчилари унга ушбу зирҳли транспорт воситаларининг жанговар шароитда ишлаши ҳақида гапириб берди ва қўшимча материаллар ва ўқ-дориларни етказиб беришни сўрашди.
Германия аллақачон Украинага Германия қуролли кучлари ва Германия мудофаа саноати захираларидан 55 Gepard бирлиги, эҳтиёт қисмлар ва 176 минг ўқ-дориларни етказиб берган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Бербок кутилмаган ташриф билан Киевга боргани хабар қилинганди.
LiveБарчаси
Тошкент шаҳрининг бош режаси тасдиқланди.
26 Декабрь