Германия Украинага 11,5 миллиард евродан ортиқ ёрдам ажратади

Олам

image

Германия 2026 йилда Украинага 11,5 миллиард евродан ортиқ ёрдам беради. Бу ҳақда Германия мудофаа вазири Борис Писториус Берлинда ўтган E5 гуруҳи (Германия, Франция, Италия, Буюк Британия ва Польша) мудофаа вазирлари йиғилиши якунида журналистларга маълум қилди.

Писториуснинг сўзларига кўра, мамлакат Украинани ёлғиз қолдирмайди.

“Украина бизга ишонишда давом этиши мумкин. Бу ҳақда биз видеоконференция орқали йиғилишга қўшилган украиналик ҳамкасбимиз Денис Шмигалга яна бир бор тасдиқ бердик. У бизга энг сўнгги маълумотларни тақдим этди”, дейди у.

Вазирнинг таъкидлашича, Германия Украинани қўллаб-қувватлашда етакчи позициясини сақлаб қолади. У Бундестагнинг Киевга ёрдам миқдорини ошириш ҳақидаги қарорини эслатди.

“Шу тариқа ёрдамнинг умумий ҳажми 2026 йилда 11,5 миллиард евродан ошади”, дейди вазир.

Шунингдек, у Германия PURL механизмида (Украинанинг устувор эҳтиёжлар рўйхати) иштирок этаётганини айтди. Бу механизм Украина учун АҚШ қуроллари ва ускуналарининг етказиб берилишини назарда тутади.

Писториуснинг айтишича, Германия аввалроқ 500 миллион евролик йирик PURL пакетини молиялаштириш мажбуриятини олган.

Вазир НАТО бош котиби Марк Рютте билан суҳбатда Германиянинг яна бир PURL пакетига — 150 миллион евролик ташаббусга қўшилиш ниятини билдирганини маълум қилди. Йиғилишда, шунингдек, гибрид ҳужумлар масаласи ҳам муҳокама қилинган.

Писториуснинг фикрича, Россия ўзидаги муаммолар ва камчиликлардан  эътиборни чалғитишга, Европа жамоатчилигини эса қўрқитиш ва беқарорлаштиришга уринмоқда.

“Биз турли хил гибрид ҳужумларга қатъий, бирликда ва эҳтиёткорона жавоб бердик”, дейди у.

Италия мудофаа вазири Гвидо Крозетто Европа мудофаасини мустаҳкамлаш учун кучларни бирлаштириш зарурлигини таъкидлади.

“Германиянинг мудофаа харажатларини ошириши — Европа фуқаролари учун кафолатдир”, дейди у.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Германия Украина учун АҚШ қуролларини харид қилишни назарда тутувчи PURL (Prioritized Ukraine Requirements List) ташаббуси доирасида камида яна 150 миллион евро ажратиши хабар берилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Германия Украина ёрдам

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг