Германия Россия билан эҳтимолий урушга тайёрланмоқда – “Bloomberg“
Олам
−
12:22 1275 2 дақиқа
Германияда Россиянинг НАТО давлатларидан бирига ҳужум қилиши эҳтимолига қарши шифохоналар минглаб ярадор ҳарбийларни қабул қилишга тайёрланмоқда. Бу ҳақда “Bloomberg” хабар берди.
Нашрга кўра, Германия давлат идоралари мамлакат инфратузилмаси ва соғлиқни сақлаш тизимининг уруш шароитида ишлаш имкониятларини текширмоқда.
Германия армиясининг ҳисоб-китобларига кўра, Россия НАТОга ҳужум қилган тақдирда Германияга ҳар куни минг нафаргача яраланган ҳарбий хизматчи олиб келиниши мумкин. Мамлакатдаги 5 та ҳарбий госпитал бундай юкламани кўтара олмайди. Шу сабабли фуқаролик шифохоналари ҳам ярадорларга ёрдам кўрсатишга тайёрланмоқда.
Маълум қилинишича, ҳукумат олдида турган вазифалар қаторида етарли миқдорда шифохона ўринларини топиш, тиббий буюмлар етказиб бериш занжирини мустаҳкамлаш ҳамда ҳарбий госпиталлар ва фуқаролик шифохоналари ўртасидаги мувофиқлаштиришни яхшилаш бор.
Шунингдек, кадрлар масаласи ҳам долзарб муаммо бўлиб қолмоқда. Ҳозир Германияда атиги бир неча юз нафар шифокор жанговор жароҳатлар ва ўқотар қуролдан етказилган жароҳатларни даволаш тажрибасига эга. Шу сабабли фуқаролик жарроҳлари учун махсус курслар ташкил этилмоқда.
Шу билан бирга, тиббиёт соҳаси билан боғлиқ хусусий компаниялар ҳам ходимларининг захирадаги ҳарбий хизматчи ёки кўнгилли сифатида хизматга чақирилишидан хавотирда. Айрим ҳудудларда бу ходимларнинг 20 фоизигача бўлиши мумкин.
Германия мудофаа вазири Борис Писториус аввалроқ Россия 2029 йилда НАТО билан уруш бошлаши мумкинлигини айтган. Айрим таҳлилчилар эса уруш бундан ҳам олдин содир бўлиши мумкинлигини билдирган. “Bloomberg“нинг ёзишича, бундай ҳолатда Германия альянсни ҳимоя қилишда иштирок этиши керак бўлади. Мамлакатнинг географик жойлашуви сабабли Германия ҳарбий хизматчилар учун асосий транзит марказлардан бирига айланиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия Президенти Владимир Путин Украинадаги уруш давом этаётган бир пайтда НАТО давлатларидан бирига чекланган ҳужум уюштириб, альянснинг қатъиятини синаб кўриши мумкинлиги ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси“Бойсун дўпписи” патентланди
16 сентябр
Рональд Куманнинг аёли 65 ёшида вафот этди
16 сентябр