Германия Мудофаа вазири Украинага Пентагон раҳбаридан ҳам каттароқ совға берди

Олам

image

Германия Украинага умумий қиймати 1,3 миллиард евро бўлган янги ҳарбий ёрдам пакетини тақдим этмоқда. Бу ҳақда Германия Мудофаа вазири Борис Писториус Киевдаги матбуот анжуманида маълум қилди.

Айтилишича, янги пакет тўртта IRIS-T тизими, 20 минг 155 миллиметрли артиллерия снарядлари, танкка қарши миналар ва бошқа қуролларни ўз ичига олади.

“Бу ўтган қишдан бери бешинчи шундай пакет. Ва ишончим комилки, у сизга Россия агрессиясига қарши курашингизда ёрдам беради”, деган Писториус.

Бироқ, Киев узоқ вақтдан бери сўраб келаётган узоқ масофали Taurus ракеталарини етказиб бериш эҳтимоли ҳақидаги саволга вазир бу борада янги маълумот йўқлигини айтган.

Шу билан бирга, у келаси йили Германия Украинага 155 мм калибрли 140 минг снаряд етказиб беришни режалаштираётганини таъкидлаган.

Писториус украиналик мавқедоши Рустам Умаров ва Президент Владимир Зеленский билан ҳам учрашган.

“Суҳбатдошлар украиналик ҳимоячиларнинг устувор эҳтиёжларини, хусусан Қора денгиздаги муқобил “дон йўлаги”ни ҳимоя қилишни таъминлаш контекстида муҳокама қилди”, дейилади Украина Президентининг матбуот хизмати хабарида.

Шунингдек, улар Украинага ҳарбий ёрдам кўрсатиш бўйича кейинги қадамларни, жумладан, ҳаво ҳужумидан мудофаа техникаси, зирҳли техника, артиллерия ва ўқ-дориларни етказиб беришни ҳам муҳокама қилган. Томонлар мудофаа саноати соҳасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш истиқболлари ва айрим турдаги қуролларни қўшма ишлаб чиқаришни ташкил этиш имкониятларига алоҳида эътибор қаратган.

Маълумот учун, Германия ҳарбий ёрдам бўйича Украинанинг АҚШдан кейин иккинчи йирик иттифоқчиси ҳисобланади. 

Эслатиб ўтамиз, Борис Писториус кеча, 21 ноябрь куни, АҚШ Мудофаа вазири Ллойд Остин Украинага келганининг эртасига Киевга ташриф буюрганди. Пентагон раҳбари ҳам Киевда АҚШ Украинани Россия агрессиясига қарши эркинлик учун курашда – бугун ҳам, келажакда ҳам қўллаб-қувватлашда давом этишини айтганди. Шу куни АҚШ Мудофаа вазирлиги Украинага 100 миллион долларлик янги ҳарбий ёрдам пакетини тақдим этаётганини эълон қилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Германия Украина Владимир Зеленский Рустам Умаров Борис Писториус

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг