Германия китоб сотувчиларининг тинчлик мукофоти ғолиби аниқланди

Олам

image

Бугун, 20 октябрь куни Франкфурт китоб ярмаркаси доирасида Германия китоб сотувчилари Тинчлик мукофоти америкалик журналист, ёзувчи ва тарихчи Энн Эпплбаумга топширилди. Бу ҳақда “Deutsche Welle” хабар берди.

Ташкилий қўмита унинг фаолияти “демократия ва тинчликни сақлашга жуда муҳим ҳисса қўшишини” таъкидлаган. Мукофотни топширувчи Немис китоб сотувчилари биржа ассоциацияси Эпплбаумнинг Совет Иттифоқининг коммунистик ва пост-коммунистик тузилмасини чуқур таҳлил қилгани авторитар механизмлар қандай ишлашини кўрсатишини айтиб ўтган. Ёзувчи ўз нутқлари ва мақолаларида Россия Президенти Владимир Путиннинг Украинага нисбатан юритаётган сиёсати ҳақида бир неча бор огоҳлантирган.

“Мемориал” халқаро тарихий, таълим, хайрия ва инсон ҳуқуқлари жамияти ҳаммуассиси Ирина Щербакова тақдирлаш маросимидаги ўзининг қутлов нутқида агар Ғарб Энн Эпплбаумнинг вазият таҳлилига аввалроқ қулоқ солганида, Россия ҳужумини тезроқ тўхтатиш мумкин бўларди, дея айтиб ўтган. Щербакованинг сўзларига кўра, негаки Эпплбаум “бўлажак офатларга ташхис қўйган ва башорат қилган ҳамда йиллар давомида Путин Россиясидан келаётган хавф ҳақида огоҳлантирган”.

Маълумот учун, Германиядаги энг нуфузли адабий мукофотлардан бири бўлган немис китоб сотувчилари Тинчлик мукофоти анъанавий тарзда Франкфурт китоб кўргазмасининг сўнгги кунида топширилади. У адабиёт ва санъат намояндаларига тинчлик ва халқлар ўртасидаги ўзаро ҳамжиҳатликни ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун берилади. Қиймати 25 минг евро бўлган мукофот 1949 йилда таъсис этилган бўлиб, ўшандан бери Германия китоб сотувчилари биржа ассоциацияси томонидан ҳар йили берилади. 2023 йилда Ҳиндистонда туғилган британиялик ёзувчи Салмон Рушди Тинчлик мукофотига сазовор бўлган эди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 2024 йилги адабиёт бўйича Нобель мукофоти жанубий кореялик ёзувчи Хан Ганга берилгани ҳақида хабар берилганди. Унинг гўшт истеъмол қилишни тўхтатишга қарор қилган аёл ҳақида ёзилган “Вегетариан” романи 2016 йилда “Ман Боокер” халқаро мукофотига сазовор бўлган.


Мақола муаллифи

Теглар

Германия тинчлик мукофоти

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made