Германия Исроилга қурол экспортини тўхтатди

Олам

image
Ғазода очликдан вафот этганлар сони 200 нафардан ошди north_east

Ғазода очликдан вафот этганлар сони 200 нафардан ошди

Кеча, 8 август куни Германия Ғазо секторидаги гуманитар вазият сабабли Исроилга қурол-яроғ етказиб беришни тўхтатди. Бу ҳақда мамлакат канцлери Фридрих Мерц маълум қилди.

Мерцнинг сўзларига кўра, Германия “кейинги хабаргача” Ғазо секторида қўлланиши мумкин бўлган ҳарбий техникани Исроилга экспорт қилишга рухсат бермайди. У, шунингдек, Исроил Вазирлар Маҳкамаси қабул қилган “Ғазо секторида янада кескинроқ ҳарбий ҳаракатлар” қарорига эътибор қаратган.

Канцлернинг билдиришича, Германия ҳукумати Ғазо секторидаги тинч аҳоли азоб-уқубатларидан ҳануз чуқур хавотирда. Унинг фикрича, янги ҳужумни бошларкан, Исроил ҳукумати қирғоқбўйи аҳолисининг таъминоти учун янада катта масъулиятни ўз зиммасига олади ва БМТ ҳамда бошқа ташкилотлар орқали гуманитар ёрдам етказилиши учун барча имкониятларни таъминлаши лозим.

Мерцнинг таъкидлашича, ҳозир асосий эътибор ўт очишни тўхтатиш ва гаровдагиларни озод қилиш бўйича музокараларга қаратилиши керак.

“Германия ҳукумати Исроил ҳукуматидан Ғарбий Соҳилни аннексия қилишга қаратилган қўшимча қадамларни қатъий равишда амалга оширмасликни талаб қилади”, дейилади ҳукумат баёнотида.

Қайд этиш жоиз, 2023 йилда Германия Исроилга қурол экспортини қарийб 10 баравар оширган, аммо уларнинг атиги 6 фоизи ўлимга олиб келувчи қуроллар бўлиб, асосий қисми зирҳли техника, ҳимоя ойналари ва юк машиналаридан иборат бўлган.

Эслатиб ўтамиз, бу қарор Исроил ҳукумати кеча, 8 август куни Ғазо шаҳрини тўлиқ босиб олиш режасини маъқуллагандан сўнг қабул қилинди. Исроилнинг режасига кўра, 1 миллион аҳолини эвакуация қилиш талаб этилади ва операция бир неча ой давом этиши мумкин.


Мақола муаллифи

Теглар

Германия Исроил қурол экспорти

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг