Германия Исроилга қурол беришда давом этади – Шольц
Олам
−
10 Октябрь
2803Германия Исроилга қурол етказиб беришда давом этади. Бу ҳақда бугун, 10 октябрь куни Германия канцлери Олаф Шольц Бундестагдаги дебатлар чоғида маълум қилди.
“Биз қурол-яроғ етказиб бердик ва тез орада янги етказиб беришлар бўлади”, деган канцлер.
Шу тариқа Шольц мухолифатдаги консерватив Христиан Демократик Иттифоқи (ХДИ) раиси Фридрих Мерцнинг айбловига жавоб берди. Унинг таъкидлашича, Германия ҳукумати Исроилга ўқ-дориларни экспорт қилиш ва бу мамлакатга танклар учун эҳтиёт қисмларни етказиб беришга рухсат беришдан бош тортган.
Фридрих Мерц ХДИ блоки ва Бавария христиан-ижтимоий иттифоқидан Германия канцлери лавозимига номзод. Ҳозирда ушбу партиялар Германиядаги энг машҳур сиёсий кучдир. Сўровлар шуни кўрсатдики, ҳозирда сайловчиларнинг 33 фоизи уни қўллаб-қувватлашга тайёр.
Олаф Шольц бошчилигидаги Германия Социал-демократик партиясини ўз ичига олган ҳукмрон коалицияни 30 фоиз сайловчилар қўллаб-қувватлаган. Бундестагга навбатдаги сайловлар 2025 йил 28 сентябрга белгиланган.
Бундестагнинг бугунги бўлиб ўтган ялпи мажлисида немис парламенти аъзолари 2023 йил 7 октябрда ҲАМАС ҳаракатининг Исроилга ҳужуми қурбонлари хотирасини бир дақиқа сукут сақлади. Бундестаг раиси Бербел Бас ҳужумни Исроил халқи, Яқин Шарқ ва бутун дунёдаги яҳудийлар учун бурилиш нуқтаси деб атади.
Германия Ташқи ишлар вазири Анналена Бербок Германиянинг Исроилнинг ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқини қўллаб-қувватлаши халқаро гуманитар қонунларга зид эмаслигини таъкидлади.
“Берлин Ғазо сектори аҳолиси гуманитар ёрдам олишини таъминлаш учун ҳар куни курашмоқда. Исроил узоқ муддатда тинчликда яшаши мумкин, агар унинг қўшнилари бўлмиш фаластинликлар ҳам узоқ муддатда тинч-тотув яшай олса”, дейди Бербок.
Эслатиб ўтамиз, 5 октябрь куни Франция Президенти Эммануэль Макрон Ғазо секторидаги можарода қўлланилаётган қуролларни етказиб бериш тўхтатилиши вазиятга дипломатик ечим топиш йўлидаги ҳаракатларнинг бир қисми бўлиши кераклигини айтганди.
LiveБарчаси