Германия Эрон элчихонасининг икки ходимини номақбул деб эълон қилди
Олам
−
22 Февраль 2023
4020Германия Ташқи ишлар вазирлиги аввалроқ Теҳронда чиқарилган ўлим ҳукми муносабати билан Эроннинг муваққат ишлар вакилини чақиртирди, шунингдек, Эрон элчихонасининг икки ходимини номақбул шахслар деб эълон қилди. Бу ҳақда бугун, 22 февраль куни Германия Ташқи ишлар вазири Анналена Бербок маълум қилди.
Маҳкум Германия фуқаролигига ҳам эга. Германия ҳукмни “Германия фуқароси ҳуқуқларининг бузилиши” деб ҳисоблайди.
“Федерал ҳукумат Эрон элчихонасининг икки ходимини номақбул шахслар деб эълон қилди ва уларга Германияни имкон қадар тезроқ тарк этишни буюрди”, дейилади хабарда.
Берлин Теҳронни “ўлим ҳукмини бекор қилишга” чақирди.
Ўз навбатида Германия канцлери Олаф Шольц ҳам ҳукмни танқид қилиб, уни қабул қилиб бўлмас деб атади.
“Биз буни кескин қоралаймиз ва Эрон режимини ҳукмни қайта кўриб чиқишга чақирамиз”, деб ёзди Шольц Twitter саҳифасида.
Эслатиб ўтамиз, Теҳрон инқилобий суди кеча, 21 февраль куни ҳукуматга қарши “Тондар” гуруҳи етакчиларидан бири Жамшид Шармаҳдни ўлимга ҳукм қилди. У террорчилик ҳаракатларига тайёргарлик кўришда айбдор деб топилди. “Тондар” гуруҳи Эронда монархия бошқаруви ўрнатилиши тарафдори ва Эрон томонига кўра, АҚШ кўмагида ҳаракат қилади. 2008 йилда 10 дан ортиқ одам ҳалок бўлган ва 200 га яқин киши жароҳатланган Шероздаги масжид портлаши ортида ушбу ташкилот тургани айтилади.