Германия ҳам тўрт кунлик иш ҳафтасига ўтяпти
Олам
−
04 Сентябрь 2023
6980Германияда иш ҳақи сақланган ҳолда тўрт кунлик иш ҳафтасига ўтиш синов лойиҳасида 50 дан ортиқ компаниялар иштирок этади. Бу ҳақда RND агентлиги маълум қилди.
Сентябрь ойидан Германия компаниялари тўрт кунлик иш ҳафтасига ўтиш бўйича экспериментда иштирок этиш учун ариза топширишлари мумкин. Улардан 50 дан ортиғи тўрт кунлик иш ҳафтасига ўтиш бўйича маслаҳат олиш учун танлаб олинади. Компаниялар 2024 йилнинг февраль ойидан бошлаб, олти ой давомида янги тартибга ўтадилар. Ходимларнинг маоши ўзгаришсиз қолади. Тажрибада турли компаниялар иштирок этиши режалаштирилган.
Бу Германиядаги энг катта синов бўлади. Австралия, Исландия ва Буюк Британия аллақачон бундай моделни муваффақиятли синовдан ўтказган бўлса-да, баъзи немис ишбилармонлари ва сиёсатчилари Германияда янги тартиб натижа бермаслиги ва иқтисодиётни орқага тортишини айтишмоқда.
Буюк Британиядаги шунга ўхшаш тест натижасига кўра, тўрт кун ишлаган ходимлар одатда ўзларини бахтлироқ ва соғломроқ ҳис қилишини аниқлади. Мисол учун, улар касаллик таътилини олиш эҳтимоли камроқ. Тажрибада иштирок этган Британия компанияларининг фойдаси ўртача 1,4 фоизга ошган. Моделни синовдан ўтказган 10 та фирмадан 9 таси доимий тўрт кунлик иш ҳафтасига ўтишга қарор қилди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистонда 2023 йил 1 июлдан тўрт кунлик иш ҳафтаси жорий қилиниши ҳақида хабар бергандик.
Акобир Сайидов