Геология-қидирув ишларига 1,6 триллион сўм ажратилди

Жамият

image

Бугун, 27 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев геологияда амалга оширилаётган ишлар таҳлили ва галдаги вазифалар муҳокамасига бағишланган йиғилиш ўтказди. Йиғилишда геология соҳасида қилиниши зарур бўлган ишлар муҳокама қилинди.

Таъкидланишича, охирги 3 йилда тармоққа ажратилган маблағлар 3 баробарга ошди. Ускуналарнинг учдан бир қисми янгиланди. 850 тадан зиёд илғор ва инновацион технологиялар жорий этилди. Натижада қидирилаётган қазилма бойликлари турлари 3 тадан  17 тага кенгайди. Руда таркибида аниқланадиган элементлар сони 12 тадан 40 тага етказилди. 2019 йилда Марказий Осиёда илк бор замонавий аэрогеофизик комплекс ишга туширилиб, ер қаърини инновацион усулларда ўрганиш йўлга қўйилди.

Ушбу давр давомида геология ишларининг бошланғич босқичида замонавий ГИС-технологиялари асосида дунёда тан олинган Global-Mapper, Erdas, ENVI дастурлари ва юқори аниқликдаги Landsat, Aster космосуратларидан фойдаланиш жорий этилгани таъкидланди. Бу усуллар анча чуқур қатламлар ҳақида юқори аниқликда маълумот олиш ҳамда катта ҳудудларни қисқа муддатда ўрганиш имконини бермоқда. Энг муҳими, вақт ва харажат тежалётгани айтилди.

Шунингдек, ер ости сувларини мониторинг қилиш ва кадастрини юритиш ҳам такомиллаштирилди. 250 та кузатув қудуғида ер ости суви параметрларини масофадан автоматик ўлчаш қурилмалари ўрнатилди. Соҳадаги ишларни изчил давом эттириш мақсадида жорий йилда геология-қидирув ишларига 1,6 триллион сўм ажратилгани маълум қилинди.

Йиғилишда, шунингдек, йил якунига қадар олтин ва кумуш ресурслари, мис ва 8 турдаги норуда бойликлари захираларини кўпайтириш зарурлиги таъкидланди. Бунинг учун техникаларни янгилашни давом эттириш кераклиги айтилди. Масалан, замонавий ускуналарни қўллаш ҳисобига бурғилаш чуқурлигини 800 метрдан 1200 метрга етказиш, иш самарадорлигини эса 1,7 бараварга кўпайтириш мумкинлиги таъкидланди.

Жорий йилда геофизика, бурғилаш, тоғ-кон ва лабораторияда қўлланиладиган 385 та ускунани модернизация қилиш бўйича топшириқ берилди. Йил якунига қадар углеводородга истиқболли 16 та майдонни аниқлаш, 23 та янги кон захираларини тасдиқлаш вазифаси қўйилди.

Йиғилишда 3 минг гектарга сув чиқариш учун 70 та қудуқ бурғилаш бўйича вазифа қўйилди. Шу билан бирга, жорий йилда 200 та янги қудуқда сув сарфини, 400 та қудуқда ер ости сув сатҳини онлайн мониторинг қиладиган тизим жорий этиш ҳамда ер ости сувлари интерактив харитасини яратиш зарурлиги таъкидланди.

Геология ривожида фундаментал, илмий, инновацион ва амалий тадқиқотларнинг ўрни катта. Шу боис йил якунигача 2,5 минг квадрат километр майдонни космик тасвирлар орқали, 5 минг квадрат километр майдонни аэрогеофизика усули орқали геологик ўрганиш юзасидан топшириқлар берилди.

 

Мақола муаллифи

Теглар

Геология

Баҳолаганлар

31

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг