“Газпром” Марказий Осиёга газ экспортини 70 фоизга оширди
Олам
−
11:55 787 3 дақиқа
“Газпром” 2026 йил бошидан буён Қозоғистон, Ўзбекистон ва Қирғизистонга газ етказиб бериш ҳажмини қарийб 70 фоизга оширди. Бу ҳақда компания раҳбари Алексей Миллер маълум қилди.
Миллер ўзининг Telegram-каналида Россия нефть ва газ саноати ходимлари куни арафасида ўтказилган йиғилишда компаниянинг Марказий Осиёдаги натижалари ҳақида маълумот берди. Унинг таъкидлашича, жорий йилда Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистонга газ етказиб беришнинг умумий ҳажми қарийб 70 фоизга ошган.
“Бу йил Марказий Осиёда ҳам яхши натижаларга эришдик. Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистонга етказиб бериш ҳажмини жами қарийб 70 фоизга оширдик”, дея ёзган Миллер.
Компания раҳбари Қирғизистон билан узоқ муддатли ҳамкорликка ҳам тўхталди. Унинг сўзларига кўра, мамлакат йилига тахминан 500 миллион куб метр газ истеъмол қилади. Келгусида ишга туширилиши режалаштирилаётган энергетика объектларини, жумладан, ТЭЦ-2 ва “Бишкексельмаш”ни ёқилғи билан таъминлаш мақсадида томонлар узоқ муддатли шартномалар тузган.
Миллернинг маълум қилишича, ушбу шартномалар 2040 йилга қадар амал қилади.
Шунингдек, Ўзбекистонга газ етказиб бериш ҳажми ҳам сўнгги йилларда ошган. 2025 йилда “Газпром” мамлакатга 6,48 миллиард куб метр газ етказиб берган. Бу 2024 йилдаги кўрсаткичдан 15 фоизга кўп.
Қайд этилишича, Ўзбекистонга газ Марказий Осиё – Марказ магистрал газ қувури орқали етказиб берилмоқда. Ушбу газ қувури ҳозирда реверс (тескари йўналиш) режимида ишламоқда.
Миллер, шунингдек, компаниянинг Россиядаги газ таъминоти ва экспорт йўналишларидаги режаларига ҳам тўхталди. Унинг айтишича, “Газпром” ички бозорда ўсиб бораётган газ талабини ишлаб чиқариш қувватларини ривожлантириш ҳисобига таъминламоқда.
Компания Ямал яриморолидаги Харасавэй газ конини ишга тушириш ишларини якунлаш арафасида. Шунингдек, Чонская конлари гуруҳи учун газ инфратузилмаси ҳам ишга туширишга деярли тайёр. Миллернинг таъкидлашича, бу лойиҳалар Ямал ва Ёқутистондаги асосий газ қазиб олиш марказларининг ишлаб чиқариш қувватларини янги даражага олиб чиқиш имконини беради.
Билдирилишича, “Газпром” ер ости газ сақлаш иншоотларини ривожлантириш ишларини ҳам давом эттирмоқда. Компания раҳбарига кўра, 2026 йилда ер ости омборларидаги газнинг оператив захираси 73 миллиард 296 миллион куб метрга етказилади. Бу Россия газ саноати учун янги тарихий рекорд бўлиши кутилмоқда.
Ҳозирда Россиядаги ер ости газ омборлари мақсадли ҳажмнинг 90 фоизига тўлдирилган. Миллер иситиш мавсуми бошланишига қадар омборлар тўлиқ тўлдирилишини айтди.
Компания Хитой билан ҳам газ соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтирмоқда. Директорнинг маълум қилишича, “Сибир кучи” газ қувури орқали Хитойга етказиб берилаётган газ ҳажми жорий йилда ҳам янги суткалик рекордларни қайд этмоқда. Шунингдек, 2027 йил январь ойида Хитойга газ етказиб бериш учун янги – “узоқ шарқ” йўналишидаги экспорт газ қувурини ишга тушириш режалаштирилган.
Миллер компания Россия саноати билан ҳамкорликда янги технологиялар ва ускуналар яратиш ишларини давом эттираётганини ҳам қайд этди. У мисол сифатида “Газпром” буюртмаси асосида ишлаб чиқилган денгизда фойдаланишга мўлжалланган вертолётнинг серияли ишлаб чиқарилиши бошланганини келтирди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия газини Хитойга “Сибирь кучи” қувури орқали етказиб бериш 2025 йилда тўртдан бир қисмга, “Марказий Осиё – Марказ” тизими орқали Ўзбекистонга етказиб бериш эса 30 фоизга ошгани хабар қилинганди.
Live
Барчаси