Ғазоликлар оммавий қирилиб кетиш ёқасида турибди

Олам

image

Исроил армиясининг 140 кундан ортиқ давом этаётган тўлиқ блокадаси оқибатида Ғазо аҳолиси оммавий ҳалокат хавфига юз тутмоқда. Бу ҳақда Ғазо ҳукумати матбуот хизмати хабар берди.

Унга кўра, Исроил гуманитар ёрдам, озиқ-овқат, дори-дармон, болалар озуқаси ва ёқилғи кириб келишига доимий тўсқинлик қилмоқда, бу эса аҳоли учун зарур ҳаётий ресурсларнинг тугашига олиб келган.

Хабарда таъкидланишича, 2,4 миллион аҳолининг, жумладан 1,1 миллион болаларнинг ҳаёти геноцид, оммавий ўлдириш ва кенг миқёсдаги очарчилик таҳдиди остида қолмоқда.

“Дунё жим туриб, Ғазонинг очарчилик ва геноцид орқали йўқ қилинишига гувоҳ бўлмоқда”, дейилади хабарда. 

Ҳозирда ғазоликлар ҳаёт учун зарур воситалардан бутунлай узилган. Айниқса, нон пишириш учун зарур бўлган ун танқислиги кескинлашган. Ун захиралари тугаган, қора бозорда пайдо бўлаётган оз миқдордаги ун эса жадал қимматлашиб, аҳолининг аксарияти учун мавжуд эмас.

2025 йилнинг 2 мартидан бери Исроил барча чегара пунктларини ёпиб, Ғазога озиқ-овқат ва дори-дармон етказиб беришни тўхтатган. Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, очликдан ҳолдан тойган ҳар хил ёшдаги кўплаб фуқаролар шифохоналарга мурожаат қилмоқда.

Шунингдек, идора асосий озиқ-овқат маҳсулотлари танқислиги ва аҳолининг кенг қатламларида етарли овқатланмаслик ҳолатлари авж олаётганини билдирган.

Маълумот учун, 2023 йил 7 октябрдан бери Ғазода очликдан 69 нафар бола, озиқ-овқат ва дори воситалари етишмовчилиги сабаб эса 620 киши ҳаётдан кўз юмган. Айнан шу кундан буён Исроил Ғазода геноцид олиб бормоқда, фуқаролик объектларига кучли зарбалар берилмоқда ва гуманитар ёрдам кириши тўлиқ тўхтатилган. 

Эслатиб ўтамиз, 20 июнь куни Ғазода Разан Абу Заҳер исмли тўрт ёшли қизалоқ очлик туфайли вафот этганди. Разан охирги уч кун ичида вафот этган камида тўрт боланинг бири бўлган, улардан энг кичиги атиги уч ойлик эди.


Мақола муаллифи

Теглар

геноцид Исроил гуманитар ёрдам Ғазо

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг