Ғазога қилинган ҳужумларда “Исломий жиҳод”нинг яна бир қўмондони йўқ қилинди
Олам
−
07 Август 2022
7007Фаластин “Исломий жиҳод” гуруҳининг юқори мартабали қўмондони Холид Мансур Исроилнинг Ғазо секторига қилган ҳаво ҳужуми натижасида йўқ қилинди. Бу ҳақда “Ал-Қудс” бригадасининг ҳарбий қанотига таяниб, РИА Новости хабар берди.
“Ҳарбий кенгаш аъзоси ва жанубий минтақа қўмондони Холид Саид Мансур кеча, 6 август куни тунда Рафаҳ шаҳрига уюштирилган ҳаво ҳужуми чоғида ҳалок бўлди”, дейилади хабарда.
Айтиш жоизки, бу иккинчи шундай ҳолат – 5 август куни “Исломий жиҳод” анклавнинг шимолий қисмидаги гуруҳнинг ҳарбий қанотига қўмондонлик қилган Тайсир ал-Жабарийнинг ўлими ҳақида хабар берилган.
Маълумот ўрнида, Исроилнинг Ғазо секторига берган зарбалари оқибатида ҳалок бўлганлар сони 32 кишига, яраланганлар 253 кишига етди.
Исроилнинг бугун, 7 август куни эрталаб берган қатор зарбаларидан сўнг, қутқарувчилар Рафаҳдаги қулаган бино вайроналари остидан саккиз кишининг жасадини, жумладан уч аёл ва бир болани олиб чиққан.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 5 август куни Исроил мудофаа кучлари Фаластин “Исломий жиҳод” гуруҳининг террористик нишонларига қарши олиб борилаётган “Тонг” операциясига старт берди.
Армия Ғазодаги нишонларга зарба берган. Бугун, 6 август куни соат 20:00 гача сектор атрофидаги 80 километрлик ҳудудда фавқулодда ҳолат амал қилади. Очиқ майдонда ўндан ортиқ ва ёпиқ жойларда 50 дан ортиқ одамни йиғишга йўл қўйилмайди. Таълим фаолияти тақиқланган.
Исроил Бош вазири Яир Лапид ва Мудофаа вазири Бенни Ганц қўшма баёнотда зарбалар Исроил фуқароларига нисбатан ўзига хос таҳдидни бартараф этиш ҳамда “террорчилар ва уларнинг ҳамкорларига” зарар етказишга қаратилганини айтган.
Фаластиннинг Ғазо секторидаги ҳукмрон ҲАМАС ҳаракати кескинлашувда Исроилни айблаган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь