Ғазога қилинган ҳужумдан қурбон бўлганлар 1 500 дан ошди
Олам
−
13 Октябрь 2023
4456Исроилнинг блокададаги Ғазо секторига уюштирган ҳужумлари оқибатида ҳалок бўлганлар сони 1500 кишидан ортди. Бу ҳақда Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлигига таяниб, “Anadolu” хабар берди.
Вазирлик томонидан берилган ёзма баёнотда, минтақадаги қурбонлар ва жароҳатлар ҳақида маълумот берилган.
Баёнотда, 7 октабрдан бери Исроилнинг Ғазо секторига уюштирган ҳужумларида 1537 киши, жумладан 500 бола ва 276 аёл ҳалок бўлгани, 6612 киши яралангани қайд этилган.
Вазирлик ўзининг аввалги баёнотида 1417 киши ҳалок бўлганини, 6268 киши жароҳатланганини билдирган эди.
Исроилнинг KAN давлат радиостанцияси маълумотларига кўра, Исроилда 1,3 минг киши ҲАМАС ҳужумлари қурбони бўлган. 3,3 мингга яқин исроиллик яраланган, улардан 28 нафари ўта оғир, 350 нафари оғир аҳволда.
Исроил-Фаластин можароси
Жорий йилнинг 7 октябрь куни эрталаб Ғазо секторидан Исроил ҳудудига ракета ҳужуми бошланди. Кейинчалик ҲАМАС Исроилга қарши “Ал-Ақсо тўфони” ҳарбий операцияси бошлаганини эълон қилди. Исроил Мудофаа кучлари эса бунга жавобан “Темир қиличлар” “аксилтеррор операцияси”ни бошлади.
Шундан сўнг, Бош вазир Биньямин Нетаньяху исроилликларга мурожаат билан чиқиб, мамлакатда содир бўлаётган воқеалар ҳарбий операция эмас, балки тўлақонли уруш эканини айтди. 9 октябрь куни Исроил Мудофаа вазири Йоав Галант Исроил ҳарбийлари Ғазо секторини кенг кўламли блокадага киришаётганини маълум қилди. У Ғазо секторида электр, озиқ-овқат, ёқилғи бўлмаслигини, ҳамма нарса ёпилишини айтди.
Шунингдек, Исроил Ғазо секторидаги Ал-Ярмук, Ал-Эмин Муҳаммад, Аҳмад Ясин, Муҳаммад Эл-Ҳабиб, Эс-Суси ва Ал-Ғарби масжидларига зарба берди. Бу орада Америка Қўшма Штатлари Ғазо сектори атрофидаги кескинлик фонида “Эронни жиловлаш учун” Яқин Шарққа қўшимча 20-25 та F-35 ва F-15 қирувчи самолётларини юбориши маълум бўлди. Германия эса Фаластин ҳудудларидаги гуманитар лойиҳалар учун аввал тасдиқланган маблағларни ажратишни тўхтатди.
Венесуэла Президенти Николас Мадуро эса Исроилни Фаластин халқини қирғин қилишда айблаб, зудлик билан тинчлик музокараларини бошлаш ва Фаластиннинг ҳудудий ҳуқуқларини кафолатловчи БМТ резолюцияларини амалга оширишга чақирди. Россия Президенти Владимир Путин ҳам мустақил суверен Фаластин давлатини яратиш зарурлигини айтиб ўтди. Шунингдек, у Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги қуролли тўқнашувларни АҚШ сиёсати муваффақиятсизлигининг яққол мисоли деб атади. Украина Президенти Владимир Зеленский эса Яқин Шарқдаги бу можародан Россия манфаатдорлигини таъкидлади.