Ғазодаги сўнгги тинчлик сулҳи: Уруш тугади, олдинда нима кутмоқда?
Таҳлил
−
14 Октябрь 2025 4000 11 дақиқа
Икки йил давом этган қонли Ғазо уруши ниҳоят тўхтатилди. Исроилнинг Ғазодаги ҳарбий ҳаракатлари мисли кўрилмаган вайронагарчилик ва қирғин келтирди – минглаб уйлар ер билан яксон бўлди, шаҳарларда деярли бутун инфратузилма вайрон бўлди, тинч аҳоли орасида улкан талафотлар юз берди. Расмий маълумотларга кўра, уруш оқибатида 67 мингдан зиёд фаластинлик ҳалок бўлди, яна юз минглаб одамлар жароҳат олди ва уй-жойсиз қолди. Бу ҳолат бутун дунё жамоатчилиги нигоҳида очиқ геноцид сифатида баҳоланмоқда. Ҳатто халқаро мутахассислар гуруҳи Исроилнинг ҳаракатларини 1948 йил Геноцид конвенциясига хилоф деб топиб, Ғазодаги ваҳшийликларни зудлик билан тўхтатишга чақирди.
2025 йил октябрь ойи бошларига келиб, ниҳоят, ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш бўйича илк қадамлар қўйилди. 8 октябрь куни Миср воситачилигида Исроил ва ҲАМАС ўртасида сулҳнинг дастлабки босқичи келишиб олинди – жанглар вақтинча тўхтатилиб, асирлар алмашинуви бошланди. Орадан кўп ўтмай, 13 октябрь куни Мисрнинг Шарм ал-Шайх шаҳрида халқаро тинчлик саммити бўлиб ўтди. Унда АҚШ, Миср, Туркия, Қатар каби давлатлар етакчилари ўртасида Ғазо урушини тўлиқ тугатиш бўйича якуний тинчлик битими имзоланди. Эътиборлиси, саммитда 20 га яқин давлат раҳбарлари иштирок этиб, Ғазо можаросини ҳал этиш масаласини муҳокама қилди. Исроил ва ҲАМАС вакиллари бевосита иштирок этмади, бироқ воситачилар орқали улар сулҳ шартларига розилик билдиришди. Шарм ал-Шайхдаги конференцияда қабул қилинган ҳужжат билан уруш расмий равишда тугалланди.
Урушнинг тугаши билан Ғазода тинчликка умид пайдо бўлди. Хусусан, уруш сабаб ватанини тарк этишга мажбур бўлган минглаб оилалар эндиликда секин-аста ўз уйларига қайтмоқда. Исроил қўшинлари сулҳга биноан чекинаётгани сари йўллардаги блокпостлар олиб ташланиб, фаластинликлар вайрон бўлган шаҳар ва қишлоқларга киришга муваффақ бўлмоқда. Уларнинг аксарияти кул-тепага айланган уйлари ўрнида лагерлар тиклаб, бошпанасиз бўлсада, юртига қайтгани учун шукроналик билдирмоқда.

“Албатта, уйларимиз йўқ – ҳаммаси вайрон бўлган. Лекин уйларимиз ўрнига, ҳатто ўша вайроналар устига бўлса ҳам қайтганимиздан хурсандмиз. Икки йилдирки биз азоб чекиб, кўчиб юрибмиз”, дейди 40 ёшли ғазолик Маҳди Сақла, оиласи билан қочоқлар лагеридан хароб бўлсада ўз маҳалласига қайтаркан.
Бу сўзлар Ғазо аҳолисининг дардини очиқ ифода этади – уруш туфайли деярли ҳар бир оила бошпанасиз қолган бўлсада, тинчлик умиди уларни ўз тупроғига қайтишга ундамоқда.
Тинчликка эришишга нима туртки бўлди?
Ғазодаги урушнинг тўхташига бир қатор омиллар туртки бўлди. Аввало, уруш чўзилгани сари улкан гуманитар инқироз ва халқаро босим кучайди. Исроил армиясининг шафқатсиз бомбардимонлари бутун дунёда норозилик уйғотди – кўплаб давлатлар раҳбарлари ва жамоатчилик вакиллари Фаластиндаги вазиятни кескин қоралаб чиқди. Ҳатто Исроилнинг яқин иттифоқчилари бўлмиш Ғарб давлатларида ҳам ҳукуматлар Исроилга босимни кучайтириб, Ғазодаги тинч аҳолини ўққа тутишни тўхтатишга чақирди. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти мутасаддилари, инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Ғазода рўй бераётган ваҳшийликларни кескин танқид қилиб, бу ҳаракатлар уруш қонун-қоидаларини поймол этгани ҳақида бонг урди. Хусусан, БМТ вакиллари “Ғазода содир бўлаётган даҳшатни қатъиян тўхтатмаслик бутун бир халқнинг йўқ бўлиб кетишига олиб келади”, дея огоҳлантирди – бу аслида геноцид бошлангани ҳақида дипломатик оҳангдаги баёнот эди.
Тинчлик музокараларининг энг муҳим омилларидан бири АҚШ воситачилиги бўлди. АҚШ Президенти Дональд Трамп ўз ташаббуси билан урушни тўхтатиш режасини илгари сурди ва фаол дипломатик саъй-ҳаракатлар бошлади. У Яқин Шарқ давлатлари етакчилари билан мулоқот қилиб, Ғазо бўйича 21 банддан иборат тинчлик режасини тайёрлади. Трамп шу орада Исроил Бош вазири Нетаньяхуни Оқ уйда қабул қилиб, уни ушбу режага кўндирди. Шундан сўнг АҚШ ҲАМАСга ҳам қаттиқ огоҳлантириш юборди: агар сулҳ шартларига розилик билдирмаса, Исроил билан биргаликда янада даҳшатлироқ ҳужумлар бошланиши ҳақида шахсан Трампнинг ўзи дағдаға қилди.
“Бу сўнгги имконият, агар келишув имзоланмаса, ҲАМАСга қарши дунё ҳеч қачон кўрмаган даражадаги дўзах бошланади”, деб ёзди Трамп музокаралар чоғида.
Табиийки, бундай таҳдидлар ортида АҚШнинг қудрати турган эди – ҲАМАС етакчилари бу огоҳлантиришни жиддий қабул қилиб, 3 октябрь куни барча исроиллик асирларни қўйиб юборишга ва музокараларни давом эттиришга рози бўлди.
Трампнинг фаоллиги ва бир вақтнинг ўзида қатъий босими натижасида қисқа фурсатда сулҳга доир асосий келишувларга эришилди. АҚШ Президенти ўз сиёсий амбициялари йўлида тинчлик битимини “асир фожиасини якунлайдиган тарихий воқеа” сифатида тақдим этди. Трампнинг ўзи ҳам музокаралар давомида оптимистик руҳда эди – у ижтимоий тармоқдаги саҳифасида “Ҳамма бу ўлим ва зулмат даврини орқада қолдириш истиқболидан ҳаяжонда. Биз гаровдагиларни қайтариб олишимиз ва мустаҳкам тинчликка эришишимиз керак” деб ёзиб, урушдан чарчаган томонларни умидвор қилди. Шу тариқа, кучли халқаро босим, АҚШнинг қатъий воситачилиги ҳамда минтақа давлатларининг (Миср, Қатар, Туркия ва бошқалар) кўмагида Исроил ва Фаластин ўртасидаги навбатдаги қонли можаро тўхтатилди.
Ғазони энди ким бошқаради?
Уруш тугади, аммо олдинда турган мураккаб саволлардан бири – Ғазо устидан ҳокимият кимга ўтади? Келишувга кўра, ҲАМАС энди Ғазода ҳеч қандай расмий роль ўйнамайди. Секторни бошқариш вақтинчалик фаластинлик технократлар маъмуриятига берилади, бироқ уларнинг устидан АҚШ ва бошқа халқаро ҳамкорлар назоратни амалга оширади. Бу ноодатий тузилма ҳудудда “халқаро протекторат” ўрнатилишига ўхшайди, гўёки Ғазо муваққат равишда халқаро ҳамжамият ишончли бошқарувига топширилмоқда. Келишув тафсилотларига қараганда, Ғазога вақтинча маъмурият тузиш таклифи ортида АҚШ Президентининг ўзи турибди. Айрим манбаларга кўра, Трамп ушбу муваққат ҳукуматга ҳатто ўз номзодини раҳбар сифатида таклиф қилган. Бошқача айтганда, Трамп Ғазодаги тикланиш жараёнини шахсан бошқариш истагини билдирган – бу эса, албатта, баҳсли масала.

Бундан ташқари, Ғазо муваққат маъмурияти таркибига чет эллик нуфузли шахслар кириши кутилмоқда. Масалан, Буюк Британиянинг собиқ бош вазири Тони Блэр номи тилга олинмоқда. Блэр жаноблари сўнгги йилларда Яқин Шарқ бўйича фаолият юритиб келган, жумладан, у аввалроқ Исроил-Фаластин можаросини ҳал қилишга қаратилган “тўртлик” (Квартет) вакили бўлган. Аммо у мусулмон оламида унчалик яхши ном қозонган эмас – чунки 2000 йиллар бошида Ироқ урушини бошлаб, минтақани нотинчликка гирифтор қилган сиёсатчи ҳам Блэр саналади. Эндиликда айнан Тони Блэр Ғазонинг кейинги бошқарувини қўлга олиши мумкинлиги ҳақидаги хабарлар тарқалиши кўплаб кузатувчиларни ташвишга солди.
“Ғазо миллиардерлар ва сионистлар қўлига ўтмоқда” – гап шундаки, Блэр раҳбарлигида таклиф қилинаётган назорат кенгашига нафақат халқаро бюрократлар, балки йирик бизнесменлар, ҳатто очиқ исроилпараст кайфиятдаги бой сармоядорлар ҳам кириши тахмин қилинмоқда. Ошкор бўлган ҳужжатларга қараганда, Ғазо халқаро кенгаши таркибига бир неча таниқли миллиардерлар номзод сифатида кўрилган ва уларнинг биронтаси фаластинлик эмас.
ҲАМАС ҳаракати бундай режаларга кескин қарши чиқмоқда. Улар расмий баёнот бериб, Ғазо маъмуриятини “араб ва исломий кўмак билан фаолият юритадиган мустақил фаластинликлар органига” топшириш тарафдори эканини билдирди. Яъни, ҲАМАС назарида Ғазони келгусида Фаластин ичкарисидаги консенсус асосида шаклланган ҳокимият бошқариши керак – масалан, Фаластин Миллий маъмурияти (Президент Маҳмуд Аббос раҳбарлигидаги ҳукумат) ёки миллий бирлик ҳукумати. Дарҳақиқат, Фаластин Президенти Маҳмуд Аббос тинчлик саммитида иштирок этиб, Ғазо бўйича битимни қўллаб-қувватлади. Бу ўринда Аббос бошчилигидаги Фаластин маъмурияти Ғазода ҳокимиятни қайтариб олишга интилаётгани сир эмас – улар 2007 йилда ҲАМАСдан мағлуб бўлиб, Ғазони бой берган эди. Энди эса халқаро битим туфайли Ғазо яна Рамаллоҳдаги ҳукумат қўлига ўтиши мумкин. Бироқ ҲАМАС бу жараёнда мутлақо четда қолишини хоҳламаяпти. Ҳар ҳолда, ҳаракат ўзини “Фаластин миллий тузилмасининг бир қисми” деб эълон қилар экан, Ғазодан буткул четлатилишни қабул қилмаслиги аниқ. Келишувга кўра, ҲАМАСнинг сиёсий ва ҳарбий тузилмалари тугатилади, лекин реал ҳаётда бунга эришиш осон кечмайди – Ғазо ичкарисида ҳамон минглаб қуролланган қаршилик кучлари ва уларга хайрихоҳ аҳоли борлиги маълум.
Демак, яқин келажакда Ғазо қандай бошқарилиши масаласи энг долзарб вазифалардан бири бўлади. Эҳтимолий сценарий шуки, вақтинчалик халқаро маъмурият Фаластин Миллий маъмурияти билан ҳамкорликда Ғазони идора қилади, ҲАМАС эса қисман сиёсий жараёндан четлатилади. Ғазо хавфсизлигини таъминлаш учун халқаро тинчликпарвар кучлар жойлаштирилсада, ички тартибни сақлашда маҳаллий полиция ва хавфсизлик органлари роль ўйнаши кутилмоқда. ҲАМАС таркибидаги собиқ кучларнинг бир қисми шу маҳаллий хавфсизлик тизимига интеграция бўлиши ёки қуролини топшириб ҳаётий фаолиятнинг бошқа соҳаларига ўтиши мумкин. Аммо агар ҲАМАСнинг айрим қаттиқ позициядаги бўлинмалари қуролсизланишга кўнмаса ва яширин қаршиликни давом эттирса, бу келишувни хавф остига қўйиши мумкин. Хуллас, Ғазода урушдан кейинги ҳокимият тақсимоти бўйича муросага эришиш осон кечмайди. Бошқарув тепасига фаластинликларнинг ўзлари чиқадими ёки халқаро вакиллар “васийлик” қиладими – бу саволлар ҳозирча очиқ турибди. Шубҳасиз, Ғазо халқининг асосий талаби – эркинлик ва ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқи ҳурмат қилиниши, улар яна бегона кучлар қўлида қўғирчоққа айлантириб қўйилмаслиги.
Келажакда нималар бўлиши мумкин?
Ғазодаги тинчлик сулҳи уруш оловини ўчирди, аммо бу ҳали буткул тинчлик қарор топди, дегани эмас. Келажакдаги вазият ҳал қилувчи босқичга кирмоқда. Энди асосий эътибор келишув бандларини тўлиқ ва виждонан бажарилишига қаратилади. Ҳозирча сулҳ муваффақиятли амалга ошмоқда: ўқ овозлари ўрнини тикланиш шовқини эгаллади, асирлар уйларига қайтмоқда, одамлар тупроғига қайтиб, вайроналар ўрнида янги ҳаёт бошлашга чоғланмоқда. Шу билан бирга, сулҳ битимининг баъзи нозик жиҳатлари ҳануз ечимга муҳтож. Хусусан, юқорида таъкидланганидек, Ғазо бошқаруви ва ҲАМАС масаласидаги келишмовчиликлар ҳали бартараф этилгани йўқ. Томонлар бу борада музокараларни давом эттириши керак бўлади. Агар АҚШнинг 21 бандлик режаси тўлиқ амалга ошса, Исроил ва Фаластин ўртасида ҳаққоний тинчликка эришиш йўлида мисли кўрилмаган ютуқ бўлади – тарихда илк бор Фаластин давлатчилиги реал шаклга келтирилади. Бутун дунё учун ҳам тинч ва барқарор Фаластин давлати пайдо бўлиши муҳим тарихий бурилиш бўлади – Яқин Шарқда қонли урушлар ўрнини умид ва тараққиёт эгаллаши мумкин.
Бироқ агар келишув шартлари бажарилмай, берилган ваъдалар устидан чиқилмаса, вазият яна издан чиқиши ҳеч гап эмас. Фаластинликлар кўп марта ваъдалар берилиб, аммо бажарилмай қолиб кетганидан азият чеккан. Масалан, бундан аввалги тинчлик битимлари (Осло келишувлари ва ҳ.к.) амалда охирига етмай, натижада ишонч йўқолган эди. Шу боис бу галги сулҳнинг муваффақияти, биринчи навбатда, Исроил ва халқаро ҳамжамият томонидан қилинган ваъдаларнинг бажарилишига боғлиқ. Исроил ҳукумати чиндан ҳам Ғазодан қўшинларни олиб чиқиб, Фаластинга мустақиллик беришга рози бўладими? Ғарб давлатлари вайрон бўлган Ғазони тиклаш ва аҳолини нормал ҳаётга қайтариш учун ваъда қилинган маблағ ва ёрдамни етказиб берадими? Бу саволларга фақат вақт жавоб беради. Агар бирор томон ўз мажбуриятини бажармаса, сулҳ парчаланиб кетиши ва можаро қайта аланга олиши мумкинлигини ҳам ҳамма яхши тушунади.
Ҳозирча эса Ғазода нисбий тинчлик ҳукм сурмоқда. Кўчаларни вайроналар тўлдирган бўлсада, бомбалар тушмаётган осмон остида болалар бир неча кеча-кундуздан бери биринчи бор тинч ухламоқда. Бу – уруш азобини тортган оддий одамлар учун бебаҳо ютуқ. Фаластинликлар энди нафас ростлаб, келажак ҳақида ўйлай бошлади: кимдир вайрон бўлган уйини қандай таъмирлашни режалаштирмоқда, кимдир икки йиллик блокададан сўнг бизнесини қайта йўлга қўйиш пайида, яна кимдир йўқотган яқинларини мотам қилган ҳолда, янги ҳаётда уларнинг хотирасини қандай яшатишни хаёлидан кечирмоқда.
Халқаро ҳамжамият эса бу сафар чиндан ҳам жиддий ёндашаётгани кўринади – йирик давлатлар раҳбарлари саммитларда бош қўшиб, Фаластин муаммосини якуний ҳал этиш ҳақида келишиб олгани ўзига хос умид бағишлайди. Албатта, орада турли сиёсий ўйинлар, манфаат тўқнашувлари йўқ эмас. Аммо тинчлик сулҳи имзолангани ва қон тўкиш тўхтагани ҳақиқат. Энди бу сулҳни мустаҳкам тинчликка айлантириш учун барчанинг хайрли нияти ва амалий саъй-ҳаракати зарур бўлади.
Ғазодаги сўнгги сулҳ бизга бир сабоқ бермоқда: қуроллар ва зўравонлик йиллар давомида ҳал қила олмаган муаммони мулоқот ва келишув ечиши мумкин экан. Аммо тинчликка эришиш – ишнинг ярми, уни сақлаб қолиш эса ундан ҳам мушкулроқ вазифа. Агар бу сулҳ орқали реал адолат ва эркинлик таъминланмаса, у ҳолда “тинчлик” номигагина бўлиб қолиши мумкин. Фаластин халқининг орзу-умидлари рўёбга чиқиши – ҳақиқий мустақилликка эришиши билангина минтақада барқарор тинчлик қарор топади. Шундай бўлса, Исроил ҳам ўз хавфсизлигини геноцид ва босқинлар орқали эмас, балки қўшни мустақил давлат билан тинч-тотув яшаш орқали таъминлаш мумкинлигини англаб етади. Дунё ҳамжамияти эса кеч бўлсада, Ғазодаги фожиани тўхтатиб, инсонпарварлик ва адолатга мувофиқ йўл тутганини исботлай олади.
Хулоса ўрнида айтганда, Ғазодаги тинчлик сулҳи ҳали нозик ва заифдир. Аммо у миллионлаб бегуноҳ инсонларнинг ҳаётини сақлаб қолди. Уруш даҳшатлари ниҳоясига етмоқда – энди энг муҳими, янги авлодлар зулмат ва қўрқувда эмас, тинчлик ва ҳуррият шароитида вояга етиши учун ушбу сулҳга содиқ қолишдир. Фаластинликлар учун бу уруш қандай аламли бўлган бўлса, тинчлик шунчалик қадрли бўлиши керак. Дунё Ғазода тинчлик байрам қилиши, қонга беланиб кетган замин энди фаровонлик ва умид масканига айланиши учун қўлидан келган барча ёрдамини аямаса, мақсадга эришилади. Ҳар ҳолда, қон тўкилишининг тўхташи ўзи катта ғалаба.
Бекзод Пўлатов
Live
Барчаси