Ғазодаги шифохонанинг портлатилиши ортидан Байден Иорданияга бормайдиган бўлди
Олам
−
18 Октябрь 2023
9426АҚШ Президенти Жо Байден Иорданияга ташрифини қолдирди. Бу ҳақда AFP агентлиги Оқ уйга таяниб хабар берди.
Аниқланишича, Яқин Шарққа режалаштирилган ташрифи доирасида Жо Байден фақат Исроилга боради. Бу эълон Ғазо секторидаги шифохонага уюштирилган оммавий ҳужум фонида бўлди.
Қайд этилишича, АҚШ Президенти Иордания қироли Абдулла II билан маслаҳатлашувлардан сўнг ва Фаластин миллий маъмурияти раҳбари Маҳмуд Аббос эълон қилган мотам кунларини ҳисобга олган ҳолда Иорданияга ташрифини бекор қилишга қарор қилган. Ушбу учрашувда Миср Президенти Абдулфаттоҳ ас-Сиси ҳам иштирок этиши керак эди.
Оқ уй баёнотида Жо Байден Ғазо секторидаги шифохонада содир бўлган ва бегуноҳ одамларнинг қурбон бўлишига олиб келган портлаш учун чуқур ҳамдардлик билдирган.
Ўз навбатида, Иордания Ташқи ишлар вазири Айман Ҳусайн Абдуллоҳ ас-Сафадий Иорданиянинг “Al Mamlaka” телеканалига берган интервьюсида қирол Абдулла II ва АҚШ Президентининг учрашуви можарони тугатиш бўйича келишувга эришилгандагина ташкиллаштирилиши мумкинлигини айтган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Яқин Шарқ бўйлаб сафарини Исроилдан бошлаб, Иордания, Қатар, Баҳрайн, Бирлашган Араб Амирликлари, Саудия Арабистони ва Мисрга ҳам борган ва шу давлатларнинг расмийлари билан Исроил-Фаластин масаласини муҳокама қилганди. Араб давлатларига қилган сафаридан сўнг, Энтони Блинкен 16 октябрь куни Исроилга қайтиб келди.
LiveБарчаси