Ғазода очликдан вафот этганлар сони 200 нафардан ошди
Олам
−
08 Август 2182 2 дақиқа
Бугун, 8 август куни 2023 йил 7 октябрдан бери Ғазо секторида озиқ-овқат етишмовчилиги ва гуманитар инқироз туфайли очликдан вафот этганлар сони 201 нафарга етди. Улардан 98 нафари болалар. Бу ҳақда Ғазо Cоғлиқни сақлаш вазирлиги хабар берди.
Маълумотларга кўра, сўнгги 24 соат ичида 4 киши, жумладан 2 нафар бола очлик ва тўйиб овқатланмаслик оқибатида ҳалок бўлган. Жорий йилнинг 27 июлидан буён Исроил Ғазога гуманитар ёрдамнинг қисман қайта кириб келишига рухсат берган бўлса-да, фақат 945 та юк машинаси ҳудудга кирган, бу эса аҳоли эҳтиёжларининг атиги 14 фоизини қоплайди. Маҳаллий маъмуриятнинг айтишича, ёрдам олиб кираётган юк машиналарининг катта қисми Исроил ҳарбийларининг бевосита иштироки ёки кўз юмиши оқибатида талон-торож қилинмоқда.
Ғазо маъмурияти ҳисоб-китобларига кўра, аҳолининг минимал озиқ-овқат, зарур буюмлар, ёқилғи ва дори-дармон эҳтиёжларини таъминлаш учун кунига камида 600 та юк машинасида гуманитар ёрдам кириши керак.
БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Фолькер Тюрк Исроилнинг Ғазода тинч аҳолига озиқ-овқатга киришни тақиқлаши инсониятга қарши жиноят деб баҳоланиши мумкинлигини айтди. Унга кўра, рухсат этилган ёрдам ҳажми зарур миқдордан жуда кам.
Маълумот учун, 2023 йил 7 октябрдан буён Исроилнинг Ғазога қарши уруши камида 61 258 кишининг ҳаётига зомин бўлди, 152 045 киши яраланди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Оқ уй расмийларига таяниб, NBC News АҚШ Президенти Дональд Трамп Ғазо секторидаги вазият бўйича Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяхуга ишонмаслигини билдириб, телефон орқали суҳбат давомида унга бақиргани хабар қилинганди.
Live
Барчаси