Ғазода очликдан ўлаётганлар кўпаймоқда

Олам

image

Сўнгги 24 соат ичида Ғазо секторида яна икки фаластинлик очликдан вафот этди. Бу ҳақда “Al Jazeera” хабар берди.

Фаластин Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълумотига кўра, шу тариқа 2023 йил 7 октябрдан буён очлик қурбонлари сони 271 нафарга етди, уларнинг 112 нафари болалар саналади. 

Вазирлик очликнинг асосий сабаби сифатида Исроилнинг блокадаси ва давом этаётган ҳужумларини кўрсатган. Айтилишича, Ғазода оғир гуманитар инқироз юзага келган – аҳолига озиқ-овқат, тоза сув, дори-дармон, тиббий жиҳозлар ва гигиена воситалари етказиб бериш кескин чекланган.

Ҳудудда очликдан ўлимлар сони тобора ортиб бормоқда, энг кўп талафот болалар орасида кузатилмоқда. Минтақавий ва халқаро манбалар Исроилни “очлик ва чанқоқликни қурол сифатида қўллаётганликда” айбламоқда.

Фаластинликларнинг кўпчилиги эски чодирларда ёки гавжум мактабларда яшашга мажбур бўлмоқда. Бу жойларда гигиена воситалари ва ҳожатхоналар етишмайди, инфекцион касалликлар тарқалмоқда. Шунингдек, кўчирилган тинч аҳолининг яшаш жойлари ва чодирлари ҳар куни Исроил армияси ҳужумларига учрамоқда.

Маълумот учун, Исроилнинг қарийб икки йилдан буён давом этаётган ҳарбий амалиётлари оқибатида Ғазо секторида шу кунга қадар 62 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлди.

Эслатиб ўтамиз, кеча, 20 август куни Исроил армияси (ЦАХАЛ) Ғазо шаҳрига бостириб киришни бошлаганини эълон қилганди. Исроил армиясининг расмий вакили, бригада генерали Эффи Дефринга кўра, армия кучлари аллақачон Ғазо шаҳрининг чекка ҳудудларини назорат қилмоқда. Бундан ташқари, у шу ҳафта исроилликларга ҳарбий хизматга чақирув бўйича қарийб 60 мингта, шу ойнинг охирида эса яна 20 мингта хат юборилишини тасдиқлаган.


Мақола муаллифи

Теглар

Исроил очлик Ғазо

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг