Ғазода қарийб 1 млн аҳоли қиш учун уй-жойга эга эмас – БМТ
Олам
−
30 Ноябрь
997Ғазо секторида камида 1 миллион аҳоли қишки совуқ об-ҳаво учун уй-жойга эга эмас. Бу ҳақда БМТнинг Гуманитар масалаларни мувофиқлаштириш бошқармаси ҳисоботида келтирилган.
“Ғазо секторидаги уй-жойга бўлган эҳтиёжнинг атиги чораги қондирилган. Бу эса қиш яқинлашгани сайин 1 миллионга яқин кишини оғир об-ҳаво шароитлари хавфига дучор қилмоқда”, дейилади ҳужжатда.
Маълумотларга кўра, бундан ташқари 545 минг киши зарар кўрган биноларда ва қўлбола бошпаналарда яшамоқда. БМТ Фаластин анклави учун брезент ва бошқа қурилиш материаллари етказиб бериш зарурлигини таъкидламоқда.
Ҳисоботга кўра, Шимолий Ғазо, жумладан, Ғазо шаҳри ҳудудида овқат пишириш учун газнинг жиддий танқислиги оилаларни ёқилғи сифатида чиқиндиларни ёқишга мажбур қилмоқда. Бу эса нафақат атроф-муҳит, балки соғлиқ учун ҳам зарарли бўлиб, нафас йўллари инфекциялари хавфини оширади. Шу билан бирга соғлиқни сақлаш хизматлари чекланган шароитда қолмоқда.
Жаҳон озиқ-овқат дастури маълумотларига кўра, асосий озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари ҳарбий ҳаракатлар бошланишидан олдинги даражага нисбатан 1000 фоизга ошиб кетган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Италия Ҳарбий-ҳаво кучлари Ғазога 15 тоннадан ортиқ инсонпарварлик ёрдами олиб боргани хабар қилинган эди.
LiveБарчаси