Ғазода Исроил ташлаган снарядни топиб олган 9 ёшли бола фожиали ҳалок бўлди

Олам

image

Кеча, 10 июнь куни Ғазода Исроил-Фаластин муносабатлари кескинлашиб, тўқнашувлар авж олган вақтда портламай қолган қуролни топиб олган болакай ҳалок бўлди. Бу ҳақда ПИЦ нашри хабар бермоқда.

Нашр мухбирининг сўзларига кўра, тўққиз ёшли Убайда ад-Дахдуҳ Аз-Зэйтун ҳудудига Исроил томонидан ташланган снаряднинг портлаши натижасида оғир жароҳат олиб, вафот этган. 

Шу тариқа, Ғазода бир неча кунлик уруш натижасида ҳалок бўлганлар сони 261 тага етди.

Исроил-Фаластин можаросининг кескинлашиши

Жорий йилнинг 7 май – Рамазон ойининг охирги Жума куни, Қуддусдаги Ал-Ақсо масжиди атрофида тартибсизликлар бошланди. Бунга Исроил полицияси томонидан фаластинлик араблар таровеҳ намозини ўқиётган ушбу масжидга ҳужум қилингани сабаб бўлди. Бундан ташқари, Исроил суди Шайх Жарроҳ маҳалласида яшовчи араб оилаларини кўчириш тўғрисида қарор чиқарди. Чунки бу ерларга яҳудийлар даъво қилиб келади.

Шундан сўнг, Ғазони назорат қилувчи фаластинликларнинг ҲАМАС ҳаракати Исроилни огоҳлантирди: Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжиди ва Шайх Жарроҳ маҳалласидан аскарларни олиб чиқиб кетиш учун маҳаллий вақт билан соат 18:00 гача муддат қўйди.

Шарт бажарилмагач, 10 май куни ушбу ҳаракат Исроилнинг бир қатор шаҳарларини 45 та ракета билан ўққа тутди. Бироқ Исроилнинг ҳаво ҳужумига қарши "Темир гумбаз" мудофаа тизими ушбу 45 ракетанинг катта қисмини осмоннинг ўзида зарарсизлантирди. Баъзилари эса аҳоли яшаш пунктига тушди. Вақт ўтиши ва икки ўртадаги зиддият ортиб бориши билан бу сценарий кўп марта такрорланди. ҲАМАС ракета учираверди, Исроил унинг катта қисмини зарарсизлантириб, қарши ҳужум билан жавоб қайтараверди.

Исроил судининг биргина қарори ва масжидга қилинган ҳужум шундай шиддатли ҳарбий ҳаракатларни келтириб чиқарди. Оқибатда эса Ғазо секторида яшовчи 232 араб ҳалок бўлди, 1900 га яқин жароҳат олди.

Исроил билан давом этаётган тўқнашувлар фонида Фаластин Президентининг дин ишлари бўйича маслаҳатчиси Маҳмуд ал-Ҳаббаш минтақада узоқ давом этадиган диний уруш бошланиши хавфи мавжудлигини маълум қилди.

Жорий йилнинг 20 май куни Исроил ва ҲАМАС ўзаро сулҳга эришди. Томонлар ўт очишни тўхтатди ва минтақадаги кескинлик барҳам топди.


Мақола муаллифи

Теглар

Фаластин Ғазо

Баҳолаганлар

131

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг