Ғазода БМТ машинаси ҳужумга учради. Қурбон бор
Олам
−
14 Май
3357Кеча, 13 май куни Ғазо секторида автомобилга берилган зарба оқибатида бир БМТ Қўриқлаш ва хавфсизлик департаменти ходими ҳалок бўлди, иккинчиси яраланди. Бу ҳақда БМТ Бош котиби матбуот котиби ўринбосари Фархон Ҳақ маълум қилди.
“Бош котиб Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Қўриқлаш ва хавфсизлик департаменти ходими ҳалок бўлгани ва бошқа бир департамент ходимининг БМТ автомобилига берилган зарба оқибатида жароҳат олгани ҳақида хабарни чуқур қайғу билан қабул қилди”, дейилади шарҳда.
Унинг сўзларига кўра, автомобиль 13 май куни эрталаб Рафаҳдаги Европа шифохонасига кетаётган бўлган. У нишонга олинганларни БМТнинг “халқаро ходимлари” деб атади.
"Бош котиб БМТ ходимларига қилинган барча ҳужумларни қоралайди ва тўлиқ тергов ўтказишга чақиради. У ҳалок бўлган ходимнинг оила аъзоларига ҳамдардлик билдиради", дейди Фархон Ҳақ.
Унинг қўшимча қилишича, БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш зудлик билан гуманитар ўт очишни тўхтатиш ва барча гаровга олинганларни озод қилишга шошилинч чақирувини такрорлайди.
Исроил матбуоти хабарларига кўра, БМТ машинасига ҳужумни ким амалга оширгани ҳозирча номаълум. Бошқа томондан, Фаластин манбаларига кўра, ёзуви ва БМТ байроғи бўлган бир машина Исроил аскарлари томонидан ўққа тутилган.
Эслатиб ўтамиз, 1 апрель куни Исроилнинг Ғазонинг Дайр ал-Бала ҳудудига уюштирган ҳужуми оқибатида World Central Kitchen (WCK)нинг етти нафар ёрдам ходими ҳалок бўлди. Бош қароргоҳи АҚШнинг пойтахти Вашингтонда жойлашган WCK баёнотида ҳужумда ҳалок бўлганларнинг Австралия, Польша, Буюк Британия, АҚШ, Канада ва Фаластин фуқаролари эканлиги қайд этилди. Ҳужум чоғида жамоа ташкилот логотипи туширилган иккита зирҳли машинада деэскалация зонасида бўлган.
LiveБарчаси