Исроил ҳужуми оқибатида халқаро хайрия ташкилоти ходимлари ҳалок бўлди
Олам
−
02 Апрель
4616Кеча, 1 апрель куни Ғазо секторининг Дайр ал-Бала ҳудудида Исроил ҳужуми оқибатида World Central Kitchen (WCK) халқаро хайрия ташкилотининг етти нафар ходими ҳалок бўлди. Бу ҳақда ташкилот расмий баёнот берди.
Қайд этилишича, ҳалок бўлганлар орасида Австралия, Польша, Буюк Британия, АҚШ, Канада ва Фаластин фуқаролари бор. Ҳужум пайтида гуруҳ аъзолари ҳеч қандай жанговар ҳаракатлар бўлмаган ҳудудда ташкилот логотипи туширилган зирҳли машиналарда бўлган.
“Бу фожиа. Гуманитар ишчилар ва тинч аҳоли ҳеч қачон нишонга олинмаслиги керак”, дейилади WCK баёнотида.
Айни пайтда Исроил армияси воқеа юзасидан "кенг қамровли тергов" олиб бораётганини эълон қилди.
БМТ Жаҳон озиқ-овқат дастури (WFP) ижрочи директори Синди Маккейн Исроил армиясининг зарбаси оқибатида WCK хайрия ташкилоти ходимларининг ҳалок бўлишини қоралади.
“WCKitchen жамоаси аъзоларининг Ғазога ҳаётни сақлаб қолган озиқ-овқат ёрдамини етказиб бериш чоғида фожиали ўлими мени ҳайратда қолдирди ва юрагимни эзди. Гуманитар ҳамжамият аъзоларига қилинган ҳужумларни қабул қилиб бўлмайди”, деб ёзган Маккейн ўзининг Х ижтимоий тармоқдаги аккаунтида.
Унинг таъкидлашича, ёрдамчиларнинг хавфсизлиги, ёрдам сўраб келганларнинг хавфсизлиги каби муҳим аҳамиятга эга.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) Бош директори Тедрос Аданом Гебреисус ҳам ҳолатни қоралади.
“Оташкесим ўрнатилгунга қадар яна қанча одам ҳалок бўлади? Биз Ғазо секторида гуманитар хизматчиларнинг ўлдирилганидан ғазабдамиз”, деб ёзди у Х ижтимоий тармоғида.
Гебреисус хавфсизликни таъминлаш ҳаётни сақлаб қолиш учун ёрдам кўрсатишнинг асосий талаби эканлигини таъкидлади.
ЖССТ раҳбари WCK ва қурбонларнинг оилаларига ҳамдардлик билдирди ва яна бир бор Ғазо секторидаги гуманитар ходимларни ҳимоя қилишга чақирди.
Ўз навбатида, Хитой ҳам АҚШда жойлашган World Central Kitchen халқаро хайрия ташкилоти ходимларининг Ғазо секторида Исроил армияси томонидан ўлдирилганини қоралади.
"Биз Ғазо секторида халқаро гуманитар хизматчиларга қилинган ҳужумдан ҳайратдамиз ва содир бўлган воқеани қоралаймиз", дейди Хитой Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Ван Виньбинь.
Шунингдек, у Исроил қўшинлари томонидан вайрон қилинган Ғазодаги “Аш-Шифа” шифохонаси атрофидаги вазиятни шарҳлар экан, “Хитой тинч аҳолига зарар етказувчи ва халқаро ҳуқуқни бузувчи ҳар қандай ҳаракатларга қарши эканлигини” таъкидлади.