Ғазо секторида шиддатли жанглар яна авж олди – AFP
Олам
−
18 Май
9593Исроил ҲАМАСга қарши уруш олиб бораётган Ғазо секторида бугун, 18 май куни фаол жанговар ҳаракатлар ва ҳаво ҳужумлари қайта бошланди. Бу ҳақда AFP хабар берди.
Агентликнинг манбаларга таяниб ёзишича, Ғазо сектори жанубида жойлашган Рафаҳ шаҳрида ҳам, шимолий минтақада ҳам жанглар кетмоқда. Шунингдек, Рафаҳдаги Қувайт шифохонаси қочоқлар лагерида икки киши Исроил ҳаво ҳужумидан сўнг ҳалок бўлганини маълум қилди.
Гувоҳларнинг сўзларига кўра, сўнгги 24 соат ичида Ғазо секторининг жануби-шарқида ўқ овозлари ва граната портлашлари қайта-қайта эшитилган, Рафаҳ жанубида исроиллик жангчиларнинг ҳужумлари кузатилган.
18 майга ўтар кечаси анклав шимолидаги Жабалия шаҳрида шиддатли жанглар бўлиб ўтган. Бир кун аввал, 17 май куни ЦАХАЛ расмийлари Исроилнинг 2023 йил октябрь ойида ҲАМАСга қарши ҳарбий амалиёти бошланганидан бери “энг ёмон” зўравонлик содир бўлганини айтди.
Шунингдек, Исроил армияси 17 май куни АҚШ ҳарбийлари томонидан қурилган янги искала орқали Ғазо секторига етиб келган гуманитар ёрдамнинг дастлабки 310 контейнери ҳозирданоқ қадоқдан чиқарилаётганини билдирди. Яқин Шарқдаги операциялар учун масъул бўлган АҚШ Марказий қўмондонлиги CENTCOM маълумотларига кўра, яқин кунларда вақтинчалик искала орқали Ғазо секторига яна 500 тонна гуманитар ёрдам етказилади.