Ғазо секторида самолётдан ёрдам тушиши оқибатида беш киши ҳалок бўлди
Олам
−
09 Март
5692Ғазо секторида парашютлари очилмаган самолётлардан инсонпарварлик ёрдами тушиши оқибатида камида беш киши ҳалок бўлди, ўн киши жароҳатланди. Бу ҳақда маҳаллий журналист Хадер ал-Заанунга таяниб, CNN Arabic хабар берди.
Телеканал суҳбатдошига кўра, юк Ал-Шати қочқинлар лагерига ташланган. Аш-Шифа шифохонаси тез ёрдам бўлими бошлиғи Муҳаммад Ал-Шайх CNN телеканалига воқеада беш киши ҳалок бўлганини тасдиқлади. Унинг сўзларига кўра, жароҳатланганлардан баъзиларининг аҳволи оғир.
Иорданиядаги манбанинг телеканалга айтишича, парашютлари очилмаган юк Иордания самолётидан туширилмаган. Унинг таъкидлашича, тўртта Иордания самолёти томонидан беш давлат кўмагида юкларни етказиш ҳеч қандай техник носозликларсиз амалга оширилган.
Пентагон ҳам воқеага муносабат билдирди.
“Мен бу маълумотни тасдиқлай олмайман. Мен ушбу мавзу бўйича нашрларни кўрдим. Биз ишонамизки, АҚШ ҳаво кучлари бу одамларнинг ўлими учун жавобгар эмас”, дейди Пентагон матбуот котиби Патрик Райдер.
Ғазо ҳукумати бундай операцияларнинг эҳтимолий хавфлари ҳақида огоҳлантирганини айтди. Анклав ер юзидаги энг зич жойлашган жойлардан бири бўлиб, юкларни ҳаво орқали етказиб бериш учун унчалик катта бўлмаган очиқ жойлар мавжуд. Анклав маъмурияти яна бир бор гуманитар ёрдам етказилиши учун қуруқликдаги чегара пунктларини очишни талаб қилди.
Қайд этиш жоизки, бир қатор давлатлар Ғазо секторига инсонпарварлик ёрдамини ҳаво орқали етказмоқда, чунки қуруқлик орқали юк жўнатиш тобора қийинлашиб бормоқда. Хусусан, АҚШ 2 мартдан ҳаво орқали ёрдам етказишни бошлади.
Шу билан бирга, кеча, 8 март куни Европа комиссияси, Кипр, БАА, АҚШ ва Буюк Британия Ғазо секторига гуманитар ёрдам етказиб бериш учун денгиз йўлаги яратишни маъқуллади. Қўшма баёнотда қайд этилишича, Кипр раҳбарияти денгиз йўлагининг ишга туширилишида муҳим роль ўйнаган: “Амальтея ташаббуси” оролдан Ғазо секторига денгиз орқали ёрдамни хавфсиз етказиб бериш механизмини тақдим этади.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ АҚШ Президенти Жо Байден Исроил фаластинликларга гуманитар ёрдам етказиб бериш учун Ғазо секторидаги вақтинчалик фаолият юритадиган порт хавфсизлигини таъминлашга тайёр эканини айтганди.
LiveБарчаси