Ғазо бўйича сулҳ тузилди. Уруш тугадими?
Таҳлил
−
16 Январь
1237Ғазо секторида 15 ой давом этган геноциддан сўнг, ҲАМАС ва Исроил ва ниҳоят воситачилар орқали ўт очишни тўхтатиш келишувига эришди. Исроил ва Ғазодаги одамлар хушхабарни мамнуният билан кутиб олди, Ғазодаги Дайр ал-Балаҳ ва Исроилнинг Тель-Авив кўчаларида байрамлар бошланди.
15 январда турли ахборот агентликлари келишувга эришишга яқин қолганини хабар қила бошлади ва музокараларда воситачи сифатида иштирок этган Қатар Бош вазири ва Ташқи ишлар вазири Муҳаммад бин Абдул Раҳмон Ол Соний Доҳадаги матбуот анжуманида буни тасдиқлади ва келишувга эришилганини эълон қилди.
"Қатар, Миср ва Қўшма Штатлар Ғазо секторидаги можаро томонлари гаровга олинганлар ва асирларни алмашиш ва ўт очишни тўхтатиш, тинчликни тиклаш бўйича келишувга эришган қўшма воситачилик саъй-ҳаракатлари муваффақиятини эълон қилишдан мамнун", деди у.
Унинг сўзларига кўра, “ҳар икки томон ҳам, музокарачилар ҳам 15 январь куни тунда барча техник процедураларни якунлашга келишиб олган. Исроил ҳукумати кейин ички тартибларни якунлайди, шундан сўнг 19 январь, якшанба куни келишувни амалга ошириш бошланади. Қатар ҳукумати раҳбари келишувни амалга оширишнинг бошланиш вақти кейинроқ белгиланишини қайд этди.
“Тафсилотларга келсак, келишувнинг биринчи босқичи 42 кун давом этади, бу даврда ўт очишни тўхтатиш тартиби жорий этилади, Исроил кучлари Ғазонинг барча ҳудудлари чегарасига жойлаштирилиши учун тинч аҳоли пунктларидан узоқда шарққа чекинади. Муайян механизмга кўра, гаровга олинганлар ва асирларни алмашиш амалга оширилади", деди у.
Қатар Бош вазирининг аниқлик киритишича, биринчи босқичда иккинчи ва учинчи босқичлар тафсилотлари келишиб олинади. У ҲАМАС Исроил билан тузилган келишувнинг биринчи босқичида Исроил қамоқхоналари ва ҳибсхоналаридаги фаластинлик маҳбусларни озод қилиш эвазига 33 нафар гаровга олинганларни, жумладан тинч ва ҳарбий аёллар, болалар, кексалар ва яраланган тинч аҳолини озод қилишини тасдиқлади. Келишув биринчи босқичда 42 кунлик оташкесим ва Ғазо секторида гаровга олинганларнинг бир қисмини озод қилишни кўзда тутади. Бунга жавобан Исроилдаги фаластинлик маҳбуслар ҳар бир Исроил фуқароси учун 30 фаластинлик ва ҳар бир аскар учун 50 фаластинликдан озод қилиниши керак.
"Ушбу келишувни амалга оширишга келсак, у можаро иштирокчилари томонидан қабул қилинган. Энг яхши кафолат – томонларнинг унда айтилган нарсага содиқлиги. Медиаторлар томонидан музокаралар ва амалга ошириш бўйича қадамлар давом этиши кафолатлари бор. Иккинчи босқичда Исроил қўшинлари тўлиқ олиб чиқилиши ва уруш тугаши эълон қилиниши керак, яқин кунларда бу келишувни мустаҳкамлаш чоралари кўрилади”, деди Ташқи ишлар вазири.
АҚШ Президенти Жо Байден ҳам ҲАМАС ва Исроил ўртасида сулҳга эришилгани бўйича махсус мурожаат билан чиқди. Байденнинг сўзларига кўра, биринчи босқичда барча америкалик гаровга олинганлар озод қилинади. иккинчи босқич барча гаровга олинганларни озод қилиш ва қўшинларни олиб чиқиш жараёнининг якунланишини назарда тутади, унинг фикрича, бу "урушнинг тўлиқ тугаши"ни англатади.
"Агар томонлар ўртасида барча тафсилотлар бўйича музокаралар чўзилса, биринчи босқичдан иккинчи босқичга ўтиш олти ҳафтадан кўпроқ вақтни олиши мумкин, бироқ бу вақт ичида ўт очишни тўхтатиш режими амалда бўлади", деди Байден.
Айни дамда АҚШнинг ҳам амалдаги раҳбари Жо Байден, ҳам бир неча кундан сўнг президентлигини бошлайдиган Дональд Трамп келишувда ўзининг роли катта бўлганини айтмоқда. Байденгарчи унинг маъмурияти келишувга эришишда Дональд Трампнинг янги маъмурияти билан "бир жамоа бўлиб ишлаганини" айтган бўлса-да, Президент келишувни якунлашда ўзининг ва маъмуриятининг ролини таъкидлади.
Унинг сўзларига кўра, келишув доираси 2024 йил май ойида биринчи марта жорий қилган режанинг "аниқ контурларига" амал қилган. Матбуот анжумани тугаши биланоқ, Байдендан келишувга кимнинг шарофати билан эришилганини сўралган - у ёки Трампнинг. Байден эса орқасига ўгирилиб, "бу ҳазилми?" дея зални тарк этган.
Олдинроқ Ғазода гаровга олинганлар 20 январгача озод қилинмаса, бунинг учу жавобгарлар ўта қаттиқ жазоланиши билан таҳдид қилган Трамп эса Truth Social'да “эпик” келишув фақат ноябрдаги президентлик сайловларида ғалаба қозонгани учунгина мумкин бўлганини ёзди.
"Бу бутун дунёга менинг маъмуриятим тинчликка интилиши ва барча америкаликлар ва иттифоқчиларимизнинг хавфсизлигини таъминлаш бўйича музокаралар олиб бориши ҳақида сигнал берди", деб ёзади у.
Ўт очишни тўхтатиш келишуви сўнгги кунларда кучга кирганлиги сабабли, икки маъмурият ўзаро ҳамкорликда ишлади. Масалан, Байденнинг вакили Бретт Макгурк ҳам, Трампнинг вакили Стив Виткофф ҳам музокаралар якунига етган пайтда Доҳада эди.
Ҳозир расмий бўлган келишув Байденга ўз президентлигини юқори нотада тугатиш имкониятини беради.
Трамп эса 20 январь куни Яқин Шарқда давом этаётган уруш муаммосига зудлик билан дуч келмасдан қасамёд қилади. Америкалик гаровга олинганлар бир неча ҳафта ичида АҚШга қайтиб, ўз оилалари билан учрашганда, сайланган президент байрамларда иштирок этиш имкониятига ҳам эга бўлиши мумкин. Бу ҳис-туйғулар янги президентга иккинчи муддатини яхши кайфиятда бошлашига ёрдам бериши мумкин.
Келишувга қайтадиган бўлсак, Қўшма Штатлар, Қатар ва Миср ҲАМАС ва Исроил ўртасидаги сулҳнинг кафиллари сифатида ҳаракат қилади. АҚШ Давлат департаменти матбуот котиби Мэтью Миллернинг айтишича, Миср ва Қатар ҲАМАСга, АҚШ эса Исроилга босим ўтказади.
"Биз бу келишув ҳақида доимо айтган нарсаларимиздан бири шундаки, биз биринчи босқичдан иккинчи босқичга ўтганимизда, АҚШ, Миср ва Қатар бу келишувнинг кафиллари бўлади. Миср ва Қатар ҲАМАСга музокара столида қолиш ва биринчи босқичдан иккинчи босқичга ўтиш учун босим ўтказади. АҚШ Исроилни музокара столида қолишга ва биринчи босқичдан иккинчи босқичга ўтишга ундайди", деди Миллер.
"Назорат механизми мавжуд. Миср, Қатар ва Қўшма Штатлар уни Қоҳирада яратишга келишиб олдилар, уч давлат ишчи гуруҳлари келишувнинг бажарилишини назорат қилади. Биз томонлар келишув шартларига риоя қилишларини кутамиз. Бироқ бундай ҳужжатлар жуда мураккаб, муаммолар пайдо бўлиши мумкин, аммо биз улар билан шуғулланишга қарор қилдик", дея қўшимча қилди Қатар ҳукумати раҳбари.
ҲАМАС сиёсий бюроси аъзоси Ҳалил ал-Ҳайе ҳам келишувга эришилганини тасдиқлаб, Туркия, Жанубий Африка, Жазоир, Россия, Хитой ва бошқа давлатларга фаластинликлар ва Ғазодаги мазлумларнинг ҳуқуқларини қўллаб-қувватлаган адолатли позицияси учун миннатдорлик билдирди. У ўз баёнотида, Исроил 2023 йил 7 октябрдан буён Ғазо секторида олиб бораётган геноцид урушида ҳеч бир мақсадига эриша олмаганини айтиб, фаластинликлар Ғазо секторини қайта қуришга қодир эканлигини таъкидлади.
Исроил Президенти Ицхак Герцог келишувни тўғри ва зарур қадам деб атади. Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху эса АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трампга Ғазодаги ёрдами учун миннатдорчилик билдирди. Келишувни маъқуллаш учун Исроил Вазирлар Маҳкамаси йиғилиши бугун, 16 январь куни эрталаб ўтказилиши режалаштирилган. Шунингдек, бугун Қоҳирада келишувнинг барча жиҳатлари бўйича амалга оширилишини муҳокама қилиш учун учрашув бўлиб ўтади.
Хуллас, юқорида айтганимиздек, Ғазода сулҳга эришилганидан кўпчилик ҳурсанд. Фаластинликлар ҳам, исроилликлар ҳам байрам қилмоқда. Жаҳон етакчилари ҳам келишувни олқишламоқда. Масалан, БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш келишувни амалга оширилишини қўллаб-қувватлашга ва анклав аҳолисига инсонпарварлик ёрдамини кўпайтиришга тайёр эканини айтди.
Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған ҳам сулҳ минтақага фойда келтиришига умид билдирди. Унинг қўшимча қилишича, Туркия Ғазо секторини тиклаш ва аҳолига ёрдам бериш учун барча имкониятлари ва воситаларини сафарбар қилмоқда. Туркия Ташқи ишлар вазирлиги эса келишув доимий бўлиши кераклигини билдирди.
Британия Бош вазири Кир Стармер Исроил ва Фаластин халқи учун яхши келажакни таъминлаш йўлларини ишлаб чиқиш халқаро ҳамжамият учун устувор вазифа бўлиши кераклигини айтди.
Франция Президенти Эммануэль Макрон эса келишувни ғазоликлар учун енгиллик деб атади. У, шунингдек, можарога сиёсий ечим топишга чақирди.
Аммо, ОАВ хабарларига кўра, Исроил кучлари Ғазо сектори бўйлаб ҳужумларини давом эттирмоқда ва келишув эълон қилинганидан бери анклавда камида 40 фаластинликни ўлдирган. Бундан кўринадики, уруш ҳали тугамади.
Қайд этиш жоиз, 2023 йил ноябрь ойининг охирида ҳам Миср ва Қатар воситачилигида Ғазо секторида бир ҳафталик гуманитар сулҳ ўрнатилган эди. Шу вақт ичида Исроил маълумотига кўра, 110 нафар гаровдаги шахс озод қилинган. Аммо ўша йилнинг 1 декабрь куни ўт очишни тўхтатиш режими бузилиб, Фаластин анклавида жанговар ҳаракатлар қайта бошланган. 2024 йилда Миср, Қатар ва АҚШ иштирокида ўтказилган бир неча музокаралар давомида эса томонлар келишув параметрларини муҳокама қилишда келишувга эриша олмаганди.
Умид қиламизки, бу галги келишув кучга кирадиган 19 январдан кейин қон тўкилиши бўлмайди ва буни назорат қилишга ваъда берганлар ўз сўзида туради.
LiveБарчаси
Пезешкиён Тожикистонда профессор бўлди.
16 Январь
Исроил ва ҲАМАС келишувга эришди.
15 Январь
Эрон Президенти Марказий Осиёга келди.
15 Январь