Ғазо бўйича музокараларда асирларни алмашиш бўйича келишувга эришилди
Олам
−
24 Февраль
7071Парижда бўлиб ўтаётган конференцияда ҲАМАС томонидан гаровга олинган маҳбусларни Исроил қамоқхоналаридаги фаластинликларга алмашишнинг янгиланган шартлари бўйича келишувга эришилди. Бу ҳақда “Al-Hadath” телеканали хабар берди.
Айтилишича, жорий йилнинг 23 февраль куни Парижда Ғазо секторидаги вазиятни тартибга солиш бўйича кўп томонлама музокараларнинг иккинчи раунди бошланган. Унда Миср, Исроил, Қатар ва АҚШ вакиллари иштирок этмоқда. Телеканал манбаларига кўра, учрашувнинг мақсади секторда ўт очишни тўхтатиш ва ҲАМАС томонидан гаровга олинганларни фаластинлик маҳбуслар билан алмашиш бўйича келишувга эришишдир.
Шунингдек, Ғазо аҳолисига гуманитар ёрдам етказиш жараёнини қўллаб-қувватлаш масаласи ҳам кўриб чиқилиши режалаштирилган.
Телеканалнинг таъкидлашича, Париж музокараларида Исроил қамоқхоналарида сақланаётган фаластинликларни озод қилиш бўйича янги келишувга эришилган. Алмашинадиган шахслар сони ва аниқ рўйхати ҳам муҳокама қилинган.
“Икки томон ҳам сулҳ тузишга тайёр, бироқ вақт тугаб боряпти. Гап жорий йил 11 мартда бошланадиган Рамазон ойига қадар сулҳга эришиш учун барча саъй-ҳаракатларни амалга ошириш ҳақида бормоқда”, дейилади хабарда.
Қайд этилишича, яҳудий давлати делегацияси Париждаги учрашувлар натижасини ҳукумат билан маслаҳатлашиш учун Исроилга жўнаб кетган.
Улканбаева Райҳона
LiveБарчаси