Ғазо бўйича музокаралар ҳал қилувчи паллада – Қатар

Олам

image

Ғазо секторидаги урушда АҚШ қўллаб-қувватлаётган ярашувни мустаҳкамлаш бўйича музокаралар “ҳал қилувчи” босқичга кирган. Бу ҳақда бугун, 6 декабрь куни Қатар Бош вазири Шайх Муҳаммад бин Абдурраҳмон Ол-Соний “Доҳа форуми” анжуманидаги муҳокама чоғида маълум қилди.

Қатар – урушда асосий воситачи давлатлардан бири ҳисобланади. Ол-Сонийнинг айтишича, воситачи мамлакатлар ярашувнинг навбатдаги босқичини амалга ошириш устида иш олиб бормоқда. 

“Биз ҳал қилувчи паллада турибмиз. Ярашув ҳали тўлиқ амалга ошгани йўқ. Бизгача эришилган нарса – бу фақат вақтинча танаффус. Бу ҳали тўлиқ ўт оширишни тўхтатиш эмас. Ярашув тўлиқ амалга ошиши учун Исроил қўшинлари бутунлай чиқиб кетиши, Ғазо барқарорликка қайтиши, одамлар бемалол кириб чиқа олиши лозим, ҳозир эса бундай эмас”, деди Қатар Бош вазири.

Фаластинда икки йил давом этаётган урушни тугатишга қаратилган АҚШ Президенти Дональд Трамп режасининг кейинги босқичларига оид музокаралар давом этмоқда.

Режага кўра, Ғазода вақтинчалик технократлардан иборат Фаластин ҳукумати тузилиши ва уни халқаро “тинчлик кенгаши” назорат қилиши кўзда тутилган. Бу жараён халқаро хавфсизлик кучлари билан қўллаб-қувватланади. Ваколат ва таркиб бўйича келишув энг мураккаб масалалардан бири бўлиб қолмоқда.

4 декабрь куни исроиллик делегация Қоҳирада воситачилар билан учрашиб, Ғазодаги сўнгги асир қайтарилиши масаласини муҳокама қилди. Бу қадам Трамп режасининг дастлабки қисми тугалланиши учун зарур, деб ҳисобланади.

Танаффус бошланганидан бери ҲАМАС 20 нафар тирик гаровга олинганлар ва 27 та марҳум жасадини қайтарди, эвазига тахминан 2 000 нафар фаластинлик қўлга олинган ва маҳкумлар озод қилинди.

Жанг ҳаракатлари сезиларли даражада камайганига қарамай, Исроил Ғазога ҳужумларни давом этмоқда ва ҲАМАС инфратузилмаси деб ҳисобланган объектларни вайрон қилмоқда. ҲАМАС ва Исроил эса келишув бузилишида бир-бирини айбламоқда.

6 декабрь куни Исроил армияси маълум қилишича, келишувда белгилаб қўйилган “сариқ чизиқ” орқасида турган қўшинлар, чизиқдан ўтиб келган фаластинлик жангчиларга ўт очган ва улардан уч нафари ҳалок бўлган. Ҳодиса юзасидан Ғазо соғлиқни сақлаш муассасалари томонидан ҳозирча аниқ маълумот ва ҳалок бўлганлар шахси ҳақида маълумот берилмаган.


Мақола муаллифи

Теглар

Қатар Исроил Ғазо Ҳамас

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг