Газлашмаган ҳудудларда электр энергияси бўйича базавий меъёр оширилади

Жамият

−

image

Ўзбекистонда иситиш мавсумида газлашмаган ҳамда газ етиб бормаган ҳудудларда электр энергияси бўйича базавий меъёр 200 киловатт-соатдан 350 киловатт-соатга оширилади. Бу ҳақда бугун, 6 октябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев танишган куз-қиш мавсумида аҳолини, айниқса, эҳтиёжманд оилаларни ижтимоий ҳимоя қилиш бўйича таклифлар тақдимотида сўз боради.

Қайд этилишича, дунёдаги геосиёсий кескинлик, энергия ресурслари ва хомашё нархларининг ўсиши, таъминот ва логистика занжирларидаги узилишлар кўплаб мамлакатларда инфляцион босимни кучайтирмоқда. Бундай шароитда аҳоли харажатларини енгиллаштириш ва муҳтож оилаларга манзилли ёрдам кўрсатиш алоҳида аҳамият касб этади.

Тақдимотда электр энергияси, газ, кўмир ва коммунал хизматлар учун тўловлар бўйича амалдаги қўллаб-қувватлаш механизмларини кенгайтириш масалалари кўриб чиқилган.

Хусусан, иситиш мавсумида газлашмаган ҳамда газ етиб бормаган ҳудудларда электр энергияси бўйича базавий меъёрни 200 киловатт-соатдан 350 киловатт-соатга ошириш таклифи маъқулланган.

Декабрь ойида эҳтиёжманд оилаларга бир марталик моддий ёрдам ажратиш масаласини кўриб чиқиш таклиф қилинган.

Шунингдек, Ижтимоий реестрга кирмаган эҳтиёжманд оилаларнинг электр энергияси, газ, кўмир ва коммунал хизматлар харажатларини қоплашда оиланинг ҳар бир аъзосига қўлланиладиган даромад мезонини 1 миллион 430 минг сўмгача ошириш таклифи кўриб чиқилган. Натижада қўллаб-қувватлаш қамрови яна 166 минг оилага кенгаяди.

Электр энергияси ва газ бўйича базавий меъёрдан ортиқ истеъмоли харажатларининг бир қисмини қоплаш муддатини 2028 йил 1 апрелгача узайтириш таклиф қилинган. Бу чора билан бир йилда 470 минг оилани қамраб олиш назарда тутилмоқда. Шароити оғир маҳаллалардаги 3 мингта хонадонни иссиқлик жиҳатидан ҳимоялаш ва энергия тежовчи ускуналар билан таъминлаш ишлари ҳам давом эттирилади.

Давлат раҳбари ҳукуматга белгиланган ёрдам учун маблағларни ўз вақтида йўналтириш, эҳтиёжманд оилаларни аниқлашда манзиллиликни таъминлаш ва ёрдам ҳар бир оилага етиб бориши устидан назоратни кучайтиришни топширган.

Шунингдек, энергия ресурсларини ишлаб чиқарувчи ҳамда етказиб берувчи корхоналар фаолиятини трансформация қилиш, бошқарув самарадорлигини ошириш, ортиқча харажатлар ва тармоқлардаги йўқотишларни қисқартириш бўйича ҳам қатор кўрсатмалар берилган.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг