Газимиз учта Ўзбекистонни боқа олади – Алишер Султонов
Жамият
−
09 Февраль 2021
13610Ўзбекистонда энергия ресурслари тежаб ишлатилса, мамлакат ҳозирги имконияти билан уч баравар юқори талабни ҳам қондира олади. Бу ҳақда Энергетика вазири Алишер Султонов “Америка овози”га берган интервьюсида айтиб ўтди.
Вазирнинг сўзларига кўра, Туркиядан келган компания раҳбари Бош вазир Абдулла Арипов билан урашувда мамлакат 95 млн аҳолиси ва бутун иқтисодий тузилмасини газ билан таъминлаши учун йилига 45 млрд куб метр газ сарфланишини айтиб, Ўзбекистонда бу борада муаммолар борлигини қайд этган.
“Туркия давлатида ишлаб чиқариш, саноат ривожланган, буларнинг барчаси энергия ресурсларини талаб қилади. Бизнинг аҳолимиз 95 миллион. Уларнинг ҳам яшаши яхши, ҳеч ким қишда совуқда ўтирмайди. Биз 95 миллион аҳоли ва ривожланган саноат билан йиллик 45 млрд куб метр газ истеъмол қилсак, Ўзбекистон 35 миллион аҳоли билан 45 млрд куб метр газ истеъмол қилмоқда”, дея турк тадбиркорининг сўзларини келтирган Султонов.
Вазир сўзида давом этиб, мамлакатда аҳолига “нега газ етмаяпти”, деган саволга жавоб берган ва тежамкорликнинг аҳамиятини тушунтириб ўтган.
“Бизнинг газимиз учта Ўзбекистонни боқа олади. Шунинг учун энергия самарадорлик бизнинг асосий шиоримиз бўлиши керак. Шу йиллар давомида энг асосий ислоҳотимиз – энергия тежамкорлик. Агар биз буни тушунтиришни ёш болалардан бошласак, миясига қуйсак, тишини тозалаётганда сувни, хонадан чиқаётганда “свет”ни ўчириб қўйиш керак. Бунинг ичида ишлаб чиқаришларнинг ҳам энергия тежамкорлиги бор”, деган вазир.
Султонов мамлакатдаги 70 фоиз ишлаб чиқариш корхоналарида энергия тежамкорликка жавоб бермайдиган ускуналар ўрнатилганини қайд этди.
LiveБарчаси