Газдан фойдаланиш бўйича “Инсофсиз истеъмолчилар рўйхати” жорий қилинади
Жамият
−
29 Октябрь 2023
6883Эндиликда Ўзбекистондаги иссиқхона хўжаликларининг газ назорати ва ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизимига улангани назорат қилинади ва уланмаган иссиқхона хўжаликлари “Инсофсиз истеъмолчилар рўйхати”га киритилиб, шартномлари бекор қилинади. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамасининг “Иссиқхона хўжаликлари ва мева-сабзавотларни экспорт қилувчи корхоналарнинг фаолиятини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида маълум қилинди.
Қарорга кўра, кўмирга ўказилиши керак бўлган иссиқхоналарга 2023/2024 йиллар куз-қиш мавсумида табиий газ қуйидаги талабларга қатъий риоя этган ҳолда етказиб берилади:
• табиий газ ҳисоблагичлари табиий газ назорати ва ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизимига уланган;
• табиий газдан юзага келган дебитор қарздорлигини сўндириш ҳамда табиий газ учун белгиланган тўловни олдиндан тўлаш;
• аҳолининг газ таъминоти тизимида фавқулодда ҳолатлар юзага келганда иссиқхона хўжалигида етарли миқдорда муқобил энергия заҳирасининг мавжудлиги.
Шунингдек, электр энергияси, нефт маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси “Ҳудудгазтаъминот” АЖ ва Бош прокуратура билан биргаликда бир ой муддатда иссиқхона хўжаликларининг газ назорати ва ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизимига уланганлигини назорат қилади ва уланмаган иссиқхона хўжаликлари “Инсофсиз истеъмолчилар рўйхати”га киритилган ҳолда уларга газ етказиб бериш бўйича шартномлар бекор қилинади.
2023/2024-йиллар куз-қиш мавсумидан бошлаб ҳар йили “Ҳудудгазтаъминот” Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳамда иссиқхона хўжаликлари ўртасида уч томонлама келишувлар тузиш амалиёти жорий этилади. Келишувларда ҳар бир иссиқхона хўжалигининг эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда, унга етказиб бериладиган табиий газ ҳажмлари аниқ кўрсатилади.
Табиий газдан кўмир ёқилғисига ўтказиладиган иссиқхона хўжаликларини давлат томонидан рағбатлантириш мақсадида 2023 йилнинг 1 ноябридан иссиқхона хўжаликларининг кўмир қозонини харид қилиш харажатларининг 20 фоизи давлат буджетидан (Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан) қоплаб берилади.
Тижорат банклари томонидан иссиқхона хўжаликларига қуйидаги мақсадлар учун кредитлар ажратилади:
• кўмир сақлаш омборларини қуриш учун – 3 йил муддатга 1 йиллик имтиёз даври билан;
• ёқилғи сотиб олишга айланма маблағ учун 1 йил муддатга 6 ойлик имтиёз даври билан.
Бундан ташқари, тижорат банклари кредит маблағлари ҳисобидан иссиқхона хўжалигини ташкил қилган ҳар бир мижознинг молиявий аҳволини инобатга олган ҳолда, уларнинг кредитларини қайтариш муддатларини узайтиради.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 11 август куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида Бухоро шаҳрида ўтказилган видеоселектор йиғилишида Ўзбекистонда ихтиёрий равишда кўмир ёқилғисида ишлайдиган иссиқхоналарга давлат томонидан рағбатлантириш пакети жорий қилиниши маълум қилинган эди.
LiveБарчаси
26 Ноябрь