Ўзбекистонда ихтиёрий равишда кўмирда ишлайдиган иссиқхоналар давлат томонидан рағбатлантирилади
Жамият
−
11 Август 2023
3722Ўзбекистонда ихтиёрий равишда кўмир ёқилғисида ишлайдиган иссиқхоналарга давлат томонидан рағбатлантириш пакети жорий қилинади. Бу ҳақда бугун, 11 август куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида Бухоро шаҳрида ўтказилган видеоселектор йиғилишида маълум қилинди.
Қайд этилишича, сўнгги йилларда мамлакатда иссиқхоналар майдони 3 бараварга кўпайиб, 5,2 минг гектарга етган, уларда етиштириладиган маҳсулот ҳажми 90 минг тоннадан 300 минг тоннага кўпайган. Шунингдек, иссиқхоналар 150 минг аҳолини юқори даромадли иш билан банд қилмоқда.
“Шу билан бирга, қишдаги қаттиқ совуқдан энг кўп зарар кўрганлардан бири бу – иссиқхоначилар. Уларнинг барча муаммоларидан хабарим бор”, дейди давлат раҳбари.
Йиғилишда бундан буён Энергетика вазирлиги, вилоят ҳокимлари ва иссиқхона хўжаликлари ўртасида уч томонлама шартномалар тузилиши белгиланди.
Бунда вазирлик вилоят ҳокимлари билан бирга ёқилғи маҳсулотларини (кўмир ва газ) иссиқхоналарга узлуксиз етказиб бериш кафолатини беради, иссиқхоналар эса етказиб берилган ёқилғи учун тўлиқ ҳисоб-китоб қилиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, уларни ички бозорга ва экспортга чиқариш бўйича мажбурият олади.
Фаолиятини ихтиёрий равишда кўмир ёқилғисида олиб борувчи иссиқхоналар учун эса давлат томонида алоҳида рағбатлантириш пакети жорий қилинади.
Жумладан, иссиқхоналарга махсус омбор қуриш ва айланма маблағ учун 14 фоизли кредит линияси очиб берилади, иситиш қозонларини харид қилиш харажатларининг 20 фоизи қоплаб берилади.
Табиий газда ишлайдиган иссиқхоналар айланма маблағларини тўлдиришга ҳам 650 миллиард сўм кредит ресурслари йўналтирилади.
Иссиқхоналарда сердаромад маҳсулот етиштиришни кўпайтириш мақсадида четдан олиб келинадиган гул туганаклари, пиёзбошлари ва қаламчалари 2025 йилга қадар божхона божидан озод қилинади.
Мингта иссиқхонанинг 2,2 триллион сўмлик кредитларини қайтариш муддати узайтирилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ уч вилоятда 73 минг гектар ер майдонининг ижара муддати 30 йилга узайтириб берилганди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь