Газ “заправка”лари қачон одатий иш тартибига қайтиши айтилди
Жамият
−
20 Январь 2023
90517Об-ҳаво ҳарорати кўтарилиб, қулай шароит пайдо бўлгач, республикадаги барча автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчалари одатдаги иш тартибида ишлай бошлайди. Бу ҳақда “Ўзтрансгаз” маълум қилди.
“Ўзтрансгаз” шунингдек, ижтимоий тармоқларда айрим “заправка”ларда таниш-билишчилик қилинаётган ҳамда айрим автотранспортларга метан газ тўлдирилаётган ҳолатлари бўйича изоҳ берди.
“Кейинги кунларда Ўзбекистон ҳудудида об-ҳаво ҳароратининг кескин пасайиши оқибатида табиий газнинг истеъмол ҳажми кескин ошиб бориши кузатилмоқда. Бундай ҳолатда аҳоли, ижтимоий аҳамиятга молик объектлар ва қозонхоналарни газ билан узлуксиз таъминлаш мақсадида республикадаги мулкчилик шаклидан қатъий назар ҳар қандай улгуржи истеъмолчилар, хусусан, АГТКШларга табиий газ таъминоти вақтинча тўхтатилди”, дейилади хабарда.
Қайд этилишича, чеклашларга қарамасдан ҳар бир вилоят ҳокимликлари билан келишилган ҳолда айрим “заправка”лар куннинг маълум вақтида 1 соатдан 3 соатгача оралиқда уй-жой мулкдорлари ширкатлари, электр таъминоти корхоналари, ободонлаштириш бошқармалари ва аҳолига пропан тўлдирилган газ балонлар етказиб берувчи ташкилотларнинг транспорт воситаларига хизмат кўрсатмоқда.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 12 январь куни автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчалари фаолияти тўхтатилганди.