Ғарб давлатлари Россияга ракета бергани учун Эронни жазоламоқчи
Олам
−
10 Сентябрь
6325Буюк Британия, Франция ва Германия Эронга қарши санкциялар жорий этишни режалаштирмоқда. Бунга Эроннинг Россияга баллистик ракеталар етказиб беришда гумон қилинаётгани сабаб бўлган. Бу ҳақда Германия Ташқи ишлар вазирлиги сайтида эълон қилинган уч давлатнинг қўшма баёнотида сўз боради.
“Бу операция ҳам Эрон, ҳам Россия томонидан кучаймоқда ва Европа хавфсизлигига бевосита таҳдид солмоқда... Биз Эрон билан ҳаво қатнови бўйича икки томонлама келишувларни тўхтатиш учун зудлик билан чора кўрамиз”, дейилади баёнотда.
Бундан ташқари, мамлакатлар Россияга баллистик ракеталар ва бошқа қуроллар етказиб беришда иштирок этгани айтилаётган асосий ташкилотлар ва шахсларни аниқлаш ниятида. Шунингдек, Iran Air авиакомпаниясига нисбатан санкциялар жорий этиш режалаштирилмоқда.
Маълумот учун, 7 сентябрь куни “The Wall Street Journal” Эрон Россияга 12 километргача бўлган масофадаги нишонларга етиб боришга қодир 200 дан ортиқ Fath-300 баллистик ракеталарини юборгани ҳақида хабар қилган эди. Ракеталар 4 сентябрь куни кема билан Каспий денгизи орқали етказилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Теҳрон томонидан Россияга баллистик ракеталар етказилгани ҳақидаги хабарлар ортидан Эроннинг муваққат ишлар бўйича вакили Шаҳриёр Амузегар Украина Ташқи ишлар вазирлигига чақиртирилган эди.
LiveБарчаси