Ганада “Челси” автобусига қуролли ҳужум бўлди. Қурбон бор
Спорт
−
13 Апрель 7318 2 дақиқа
Кеча, 12 апрель куни Гананинг “Берекум Челси” футбол клуби ҳужумчиси Доминик Фримпонг жамоа автобусига қилинган қуролли ҳужум оқибатида вафот этди. Бу ҳақда Гана футбол ассоциацияси (ГФА) хабар берди.
Қайд этилиди, фожиа жамоа Гана чемпионати доирасида “Самартекс” клубига қарши кечган ўйиндан қайтаётган маҳал юз берган. Спортчилар Самребоидан Берекумга кетаётган вақтда қуролланган шахслар уларнинг йўлини тўсиб қўйган. Ассоциация ҳалок бўлган футболчининг яқинларига ҳамдардлик билдирган.
“Бу фожиа нафақат “Берекум Челси”, балки бутун Гана футболи учун улкан йўқотишдир. Доминик ўйинга бўлган меҳри ва садоқати билан лигамиз руҳини ифодалаган истиқболли ёш истеъдод эди. ГФА ушбу қайғули воқеа юзасидан суриштирув ишлари давом этаётгани сабабли клуб ва тегишли идоралар, жумладан, Гана полиция хизмати билан доимий алоқада бўлиб турибди. Биз айбдорлар муносиб жазоланиши учун барча зарур чоралар кўрилишига чақирамиз”, дейилади ассоциация баёнотида.
Шунингдек, “Берекум Челси” клуби ҳам баёнот бериб, фожиа тафсилотларини очиқлаган.
“Ҳайдовчи автобусни орқага қайтаришга уринган вақтда тўппонча ва автоматлар билан қуролланган шахслар автобусимизни ўққа тута бошлади. Ўйинчилар ва ходимлар яқин атрофдаги бутазорларга яширинишди. Афсуски, футболчиларимиздан бири оғир жароҳат олди”, дейилади клуб хабарида.
Маълумот учун, 2025/26 йилги мавсумда 20 ёшли Доминик Фримпонг жамоа сафида 13 та ўйинда майдонга тушиб, ўз ҳисобига иккита гол ёздириб қўйган эди. “Самартекс” билан бўлган баҳс эса 1:0 ҳисобида мезбонларнинг ғалабаси билан якунланди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон чемпионатидаги ўйинлари билан танилган футболчи Хушнудбек Авилов 27 ёшида вафот этган эди.
Live
Барчаси