Гаити Президенти охирги йўлга кузатилди. Маросимда тартибсизликлар юзага келди (фото)
Олам
−
24 Июль 2021
9324Жорий йилнинг 7 июль куни ўлдирилган Гаити Президенти Жовенель Моизнинг дафн маросими кеча, 23 июль куни Республика шимолидаги Кап-Аитьен шаҳрида бўлиб ўтди.
Маросимда сиёсатчининг беваси Мартин Моиз ва Республика раҳбарияти аъзолари иштирок этган.
“Жовенель, сизга хиёнат қилишди ва ваҳшийларча ўлдиришди. Аммо сизнинг энг катта “гуноҳларингиз” — бу мамлакатга бўлган муҳаббат, заиф одамларни ҳимоя қилиш истаги, мамлакатни коррупциячи олигархлардан халос қилиш эди. Биз зўравонлик қилишни ёки қасос олишни хоҳламаймиз, лекин ҳеч қачон қўрқувга таслим бўлмаймиз. Биз унинг кўзига тик қараб, ҳаммаси ўтмишда қолди, деб айтишимиз керак. Биз жангда ютқаздик, аммо урушда ютқазмадик”, деган Мартин Моиз хайрлашиш нутқида.
Таъкидланишича, маросим ўтказиладиган жой яқинида тартибсизликлар бўлиб ўтган, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари кўздан ёш оқизувчи газ сепган, ўқ овозлари эшитилган. Маросимни бошқарган руҳоний вақти-вақти билан бақиришга мажбур бўлган.
Хабарга кўра, АҚШ ва БМТнинг расмий делегациялари хавфсизлик нуқтаи назаридан дафн маросимини муддатидан олдин тарк этган.
Намойишлар туфайли 22 июль кунига белгиланган расмий хайрлашиш маросими ҳам қисқартирилган шаклда ўтказилган.
Маълумот ўрнида, Гаити Президенти 7 июлга ўтар кечаси шахсий қароргоҳига қилинган ҳужумда ўлдирилган. Ҳужумда унинг рафиқаси Мартин Моиз ҳам жароҳат олган. Вазирлар кенгаши Республикада 15 кун давомида ҳарбий ҳолат жорий қилган.