Вьетнамда коронавируснинг янги тажовузкор шакли аниқланди
Олам
−
27 Июль 2020
22232Вьетнамниннг Дананг шаҳрида коронавируснинг ҳозиргача маълум бўлмаган янги тажовузкор штамми аниқланди. Бу ҳақда Вьетнамда COVID-19 ни профилактика ва назорат қилиш бўйича миллий қўмита маълум қилди.
Якшанба куни аниқланган бешта ҳолатдан тўрттаси Данангдаги учта шифохона билан боғлиқ. Бу тиббиёт муассасалари – Дананг шифохонаси, Дананг С шифохонаси ва жисмоний реабилитацион шифохона. Улар ҳозирда карантинга ёпилган.
Мутахассислар касаллик тарқалиб кетишининг олдини олиш учун Дананг шаҳридан уйига қайтаётган ва юқорида айтилган шифохона билан боғлиқ бўлган барчани 14 кунлик карантинга олишни таклиф қиляпти.
Коронавируснинг янги штамми текширилганда у янада юқумли экани аниқланган. Соғлиқни сақлаш вазирлиги вируснинг тарқалиб кетишининг олдини олиш ва янги касалланиш ўчоғини аниқлаш учун Данангга энг тажрибали мутахассисларни юборган.
Шуни алоҳида қайд этиш керакки, Вьетнамда сўнгги 3 ойдан бери коронавирус билан касалланиш ҳолати аниқланмаганди. Мамлакат Хитойнинг шундоққина “биқини”да жойлашган бўлса-да, бутун эпидемия давомида атиги 431 кишида коронавирус аниқланган. Уларнинг 365 нафари соғайган ва биронта бемор вафот этмаган.