G7 Исроилни қўллаб-қувватлади, Эронни эса беқарорлик манбаи деб атади

Олам

image

“Катта еттилик” (G7) давлатлари Исроилни қўллаб-қувватлашларини билдирди ҳамда унинг рақиби — Эронни Яқин Шарқдаги беқарорлик манбаи сифатида таърифлади. Бу ҳақда кеча, 16 июнь куни кечқурун эълон қилинган G7 баёнотида сўз боради. 

G7 етакчилари минтақадаги зиддиятларни юмшатишга чақирди.

13 июнь куни Исроил Эронга ҳаво зарбалари билан ҳужум қилгач, икки давлат ўртасидаги ҳаво урушлари бошланди. Бу ҳолат 2023 йил октябрида Ғазога қарши Исроилнинг ҳарбий ҳужуми бошланганидан бери таранглик ҳукм сураётган минтақа учун жиддий хавотир уйғотди.

“Биз Исроилнинг ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқини тасдиқлаймиз. Исроил хавфсизлигини қўллаб-қувватлашимизни яна бир бор таъкидлаймиз”,  дейилади G7 етакчилари баёнотида.

Баёнотда қўшимча қилинишича, “Эрон минтақадаги асосий беқарорлик ва террор манбаидир”. 

“Биз аниқ айтамиз: Эрон ҳеч қачон ядровий қуролга эга бўлмаслиги керак”, дейилади баёнотда.

Исроил 13 июнь куни Эронга қарши “ядровий қурол ишлаб чиқишининг олдини олиш мақсадида” профилактик зарба берганини маълум қилган эди. Бу ҳужумдан сўнг икки мамлакат ўзаро зарбалар алмашмоқда. Эрон расмийларининг хабар беришича, 220 дан ортиқ инсон ҳалок бўлган, уларнинг аксарияти тинч аҳоли. Исроил эса 24 нафар тинч фуқаро нобуд бўлганини айтмоқда.

Эрон ядровий қурол ишлаб чиқиш нияти борлигини инкор этади ва Ядровий қурол тарқалмаслик тўғрисидаги шартнома (NPT) аъзоси сифатида тинч мақсадларда, жумладан, ядровий энергия ишлаб чиқариш учун технология ривожлантириш ҳуқуқига эгалигини таъкидлайди.

Исроил эса мазкур шартнома (NPT) аъзоси эмас ва Яқин Шарқда ядровий қуролга эгалиги кенг миқёсда тахмин қилинадиган ягона давлат ҳисобланади. Исроил бу ҳақда на рад этади ва на тасдиқлайди.

Президент Дональд Трамп G7 саммити ўтаётган Канададан Вашингтонга эрта қайтишини маълум қилди. Бу қарор Яқин Шарқдаги вазият билан боғлиқ. АҚШ ҳозирча Исроилнинг Эронга ҳужумида иштирок этмаётганини таъкидлаб келмоқда. Бироқ 13 июнь куни Трамп АҚШ бу ҳужумлардан аввалдан хабардор бўлганини айтди ва уларни “жуда яхши зарбалар” деб атади. Вашингтон, шунингдек, Эронга АҚШ манфаатлари ёки ҳарбийларига ҳужум қилмаслик ҳақида огоҳлантирув берган.

“Биз Эрон инқирозининг ҳал қилиниши Яқин Шарқда кенг қамровли зиддиятларни юмшатишга, жумладан Ғазода ўт очишни тўхтатишга олиб келиши керак, деб ҳисоблаймиз”, дейилади G7 баёнотида. 

Шундан ташқари, гуруҳ энергетика бозорларида барқарорликни таъминлаш бўйича ҳамкорликка тайёрлигини билдирган.

Кеча, 16 июнь куни Трамп ижтимоий тармоқдаги постида “ҳамма Теҳронни зудлик билан эвакуация қилиши керак” деганида, Исроил Эроннинг давлат телерадиокомпаниясига зарба берди.

Ўша куни АҚШ Давлат котиби Марко Рубио ҳам Британия, Франция ва Европа Иттифоқидаги мавқедошлари билан телефон суҳбатларида Исроил-Эрон урушини муҳокама қилди. Вашингтон эса Трамп ҳали ҳам Эрон билан ядровий келишувга эришишни мақсад қилганини айтмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Эрон Яқин Шарқ Исроил G7

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг