G20 вазирлари миллиардерларни глобал солиққа тортиш бўйича келиша олмади
Олам
−
26 Июль
3291Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида бўлиб ўтган йиғилишда G20 давлатларининг Молия вазирлари миллиардерларга глобал солиқ жорий этиш бўйича келишувга эриша олмади. Бу ҳақда “Politico” хабар берди.
Нашрнинг қайд этишича, ушбу мавзу аслича қолдирилган бўлса-да, вазирлар келажакда бу масалани муҳокама қилишни давом эттиришга келишиб олган.
“Дунёнинг энг қудратли ҳукуматлари миллиардерларга глобал солиқ жорий қилиш бўйича келишиб олишни вақтинча тўхтатди, аммо улар бу ғояни тез орада муҳокама қилишни давом эттиришга ваъда берди”, дея ёзган “Politico”.
Йиғилишда ишлаб чиқилган ҳужжат лойиҳаларида вазирлар солиқ суверенитетини тўлиқ ҳурмат қилган ҳолда, ўта юқори даромадли шахсларга самарали солиқ солишни таъминлаш учун ҳамкорлик қилишга интилишларини баён қилган. Жумладан, Бразилия Молия вазири Фернанду Аддад ўзининг Х ижтимоий тармоғидаги саҳифасида келишувни олқишлаб ўтган.
Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилотида муҳокама қилинган корпоратив солиққа тортишдан илҳомланиб, Бразилия дунёнинг энг бадавлат шахсларини глобал солиққа тортиш ғоясини илгари сурган эди. G20 маслаҳатчиси, франциялик иқтисодчи Габриэль Цукман томонидан ишлаб чиқилган ғоя дунёнинг 3000 нафар энг бой миллиардерларидан камида 2 фоизлик йиғим олишдан иборат бўлиб, йилига глобал миқёсда тахминан 250 миллиард доллар йиғишни назарда тутади.
Аммо бу таклиф жуда мунозарали мавзу бўлиб, ғоя Германия Молия вазири Кристиан Линднер ҳамда унинг АҚШдаги мавқедоши Жанет Йеллен томонидан қўллаб-қувватланмади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 20 та етакчи саноат ва ривожланаётган мамлакатларнинг Молия вазирлари ва Марказий банклари раҳбарлари Сан-Паулудаги йиғилишда қўшма якуний баёнот бўйича келиша олмаганди. Бунга Бразилиянинг G20 йиғилишига мезбон сифатида фақат иқтисодий сиёсат масалаларига эътибор қаратган ҳолда геосиёсий инқирозлар ҳақидаги парчаларни якуний қўшма баёнотдан чиқариб ташламоқчи бўлгани сабаб бўлган.
LiveБарчаси